Қурилиш соҳаси кадрларини тайёрловчи техникум ва марказ фаолияти билан танишилди

Термиз шаҳрида “Алишер Навоий” маҳалласида вилоятда ягона бўлган Сурхондарё архитектура ва қурилиш техникуми фаолият юритмоқда. Техникумда 5 та йўналишда, шунингдек, техникум қошидаги Қурилиш соҳасидаги малакали мутахассислар тайёрлаш марказида 7 та йўналишда қурилиш соҳаси кадрлари тайёрланади.

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур техникумда бўлиб, касб-ҳунар ўргатиш жараёнлари ҳамда муассасада яратилган шароитлар билан танишди ва бу ерда таҳсил олаётган, бўлажак қурилиш соҳаси мутахассислари билан суҳбатлашди. Шунингдек, ўқувчиларнинг замонавий технологиялар ёрдамида махсус техникаларни бошқаришни ўрганиш жараёнларини кўздан кечирди.

Танишув давомида техникум имкониятларидан самаради фойдаланган ҳолда ҳозирги кунда талаб юқори бўлган қурилиш йўналишларидаги кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб борган ҳолда кўпроқ касб-ҳунар ўрганувчиларни жалб қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Мазкур техникумда таҳсил олиш давомида ўқувчиларга ойлик стипендиялар тўлаб берилади ва бепул ётоқхона билан таъминланади. Битирувчиларга курсларни тугатганлиги тўғрисида махсус сертификатлар топширилади. Мутасаддиларга амалий машғулотларни шаҳардаги қурилиш объектларига  иш ҳақи ажратган ҳолда жалб қилиш масаласини кўриш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилди.

Print Friendly, PDF & Email