«ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ» 3-декабрь–Халқаро ногиронлар куни

Азалий одатларимиздан бўлган йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, бағрикенглик ва  меҳр-оқибатлилик фазилатлари миллатимизга хос қадриятлардан саналади. Инсон ҳаёти эзгуликлар ва яхшиликлар саодати билан аҳамиятли. Халқимизга хос бўлган инсонийлик, саховатпешалик ва бағрикенглик 3-декабрь–Халқаро ногиронлар куни муносабати билан республикамиз бўйлаб ўтказилган тадбирларда ҳам ўз аксини топди. Сана муносабати билан Ўзбекистон Кўзи Ожизлар Жамияти Шайхонтоҳур бўлинмаси марказида Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда “3-декабрь–Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни ” мавзусидаги  хайрия тадбири бўлиб ўтди.  

Тадбир аввалида Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тармоқ касаба уюшмаси Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Шерзод Неъматов, Тошкент шаҳар ҳудудий кенгаши раиси Ҳусниддин Саидалиев, , Шайхонтоҳур тумани “Нуроний” кенгаши раиси Равшан Абидовлар сўзга чиқиб, юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўзи ожиз ва ногирон ҳамда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бемисл ғамҳўрлик ҳақида гапирди. 

–Гарчи кўзларимиз бу ёруғ оламни кўра олмаса-да, бизга бўлган эътибор, амалий ёрдам, эзгуликларни ҳамиша қалб кўзимиз билан кўриб борамиз,– дейди  Шайхонтоҳур тумани “Нуроний” кенгаши раиси ўринбосари Дилфўза Шермуҳаммедова. Жамиятимизга аъзо бўлганлар кўрсатилаётган эътибордан ниҳоятда мамнун. Руҳий ва маънавий қўллаб-қувватланаётганимиздан  барчамизнинг кўнглимиз кўтарилди, қувонч ва мамнунликка тўлди.

 Мазкур хайрия тадбирида Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Ўзбекистон Кўзи Ожизлар Жамияти Шайхонтоҳур бўлинмасининг 105 нафар 1-2 гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларни 40 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим қилинди.

Print Friendly, PDF & Email