Бола кулса-Олам кулади

Мана бугун келажагимиз ворислари бўлган болажонларимизнинг байрами. Кўпчилик мамалакатларимизда бу байрам 67 йилдан бери нишонланиб келмоқда.

1 июнь-ёзнинг илк кунидан “Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни” байрам сифатида нишонланиб келинади. Дам олиш куни бўлмаса-да бу кун ҳақиқий болалар байрами ҳисобланади.

 Болаларни ҳимоя қилиш халқаро байрами 1950 йилдан эътиборан кенг нишонланиб келинади. Бунга сабаб 1949 йилда Парижда аёлларнинг Халқаро демократик федерацияси конгресси бўлиб ўтди. Конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақида шиор янгради.  Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча митти болажонларнинг соғлиғи ва хотиржамлигини сақлаш энг асосий вазифалардан бирига айланган эди.

1989 йили БМТ Бош ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция қабул қилди. Унда будун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни жорий қилиш тўғрисида ёзилган.

Дунёнинг кўпчилик мамалакатлари ва шаҳарларида байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар ўтказиш билан нишонланади. Шунингдек, болалар кунида  қувноқ ва маданий омавий тадбирлар, спорт мусобақалари, расмлар кўргазмалари, концертлар ўтказилади.

Шу куни жойларда оғир бемор, даволанишга муҳтож ва имконияти чекланган болалар  учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил этилади.

Бугунги байрам муносабати билан Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси давлат унитар корхонаси бошанғич касаба уюшмаси ва корхона ёшлар иттифоқи ташаббуси билан шаҳар марказида жойлашган Абдулла Қодирий маданият ва истироҳат боғида корхона ишчи-ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун “Бола кулса-олам кулади” номли байрам тадбири уюштирилди.

Байрамда 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган иқтидорли болажонлар иштирок этишди. Болажонлар иштирокида “Менинг оилам”, “Келажакдаги орзуим”, “Она ватан” мавзуларида расмлар кўргазмаси ўтказилди. Болалар ўртасида “Энг яхши шеър декломацияси” ва қувноқ стартлар мусобақалари ўтказилди. Ғолиб болажонлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбирини мазмунли ва мароқли ўтишида корхонанинг касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти, ёшлар иттифоқи ҳамда хотин-қизлар қўмитаси ўз ҳиссаларини қўшишди. Бу каби байрам тадбирлари юртимизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.

Бу байрамнинг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатларининг тўла-тўкис, хотиржам фуқороси бўлиб ўсишларига қаратишдир. Зеро, болаларнинг бегонаси бўлмайди.

Print Friendly, PDF & Email