ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ – ЮКСАЛИШНИНГ МУҲИМ ДАСТУРИ

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини халқимиз, бутун жамият интиқлиқ билан кутаётган эди.Ушбу Мурожаатномани   жамоамиз аъзолари билан биргаликда  катта ҳаяжон ва қизиқиш билан тингладик. Ўйлайманки, халқимизни узоқ вақтлардан бери қийнаб келаётган масалаларга ечим берадиган, мамлакатимизда барча ислоҳотларга, виждонан, ҳалоллик билан фидойиларча ишлашга даъват этадиган ушбу Мурожаатнома ҳар бир фуқаронинг қалбига меҳр билан кириб борди. Ушбу мурожаатнома том маънода ҳар бир соҳадаги янгиланиш учун муҳим бир қадам бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.  Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,  энг аввало Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси фаровон ва ҳаётдан рози бўлган ҳолда яшашига эришиши лозимлигига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мурожаатномада эришилган ютуқлар айтиб ўтилди,  мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилинди, истиқболдаги устувор режалар белгилаб берилди. Келтирилган ҳар бир рақам ортида халқимизнинг қанчадан-қанча меҳнати, заҳмати борлигини чуқур англаган ҳолда айтиш жоизки, буларнинг барчасининг замирида аввало, одилона сиёсат,  мақсад йўли   ва унга эришиш йўлида тўғри қадам ташлангани яққол кўриниб тўрибди.  Давлатимиз раҳбарининг учинчи бор Парламентга йўллаган Мурожаати ўзига хос тарихий ҳужжат сифатида барча юртдошларимизнинг орзу-истакларини  тўлақонли ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли бўлди.Энг муҳими, унда халқимизнинг бугунидан рози бўлишига ҳамда  мамлакатимизнинг ҳар соҳадаги истиқболи борасида амалга оширилиши зарур бўлган барча ташаббус ва вазифалар ўз аксини топди.

Илм олиб, Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишни истаган ёшларга  яна ҳам кенгроқ қулайликлар яратиш мақсадида олий ўқув юртларига   давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш ҳамда хотин-қизлар учун алоҳида квоталар ажратилиши бугун Ўзбекистонда яшаб келаётган ҳар бир ёш авлоднинг орзуларининг  рўёби бўлди, десак асло янглишмаган бўламиз.

2020 йил мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Умид қиламизки, бу йил мамлакатимиз ҳаётида туб бурилиш ва юксак тараққиёт йили бўлади.

Мурожаатномани тинглар эканман, давлатимиз раҳбарининг “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун” деган тамойил асосида, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларни давом эттириш,бунинг учун биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги мени тўлқинлантириб юборди.

Айнан,  Мурожаатномада ижимоий ҳимояга муҳтож оилалар сони  аҳоли сонига нисбатан 12-15 фоизни (4-5 млн)  ташкил этиши, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бош вазифалардан бири бўлиб қолиши айтиб ўтилди.

Жорий йилда кексалар, жумладан ёлғиз кексалар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим яратиш зарурлиги, ногиронлик, дафн маросими, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар, иш пайтида майиб бўлганлик учун товон пули каби тўловларни қайта кўриб чиқиб, “Ижтимоий суғурта тўғрисида” ги қонунни ишлаб чиқиш заррурлиги айтиб ўтилди.

Ушбу Мурожаатномада ҳар бир соҳада кечиктириб бўлмайдиган қатор вазифаларни белгилаб берди. Уларни амалга ошириш барча, хусусан, касаба уюшма фаоллари зиммасига ҳам катта маъсулият юклайди. Мен ҳам Муржаатномада белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан холда ўз олдимга бир қатор вазифаларни белгилаб олдим, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклифларни амалиётга жорий қилинишида бор билим, куч-ғайратимни ишга соламан. Барча  жамоа аъзоларимиз  билан бир тану-бир жон бўлиб, ушбу ислоҳотларни изчил давом эттиришга бор кучимизни, билимимизни  сафарбар қиламиз. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, илм-маърифат, ҳамжиҳатлик, бирдамлик, фидойилик, ҳалолликкина жамиятимизни тараққиётга олиб боради. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади .

                                                                                                                  Зомин тумани йўллардан фойдаланиш                                                                                                                       унитар корхонаси касаба уюшма                                                                                                                                    қўмитаси  раиси     Н.Хўжамқулова

Print Friendly, PDF & Email