Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишланган Шахмат биринчилиги ўтказилди

Пойтахтимизда меҳнат жамоалари ходимлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини спортга кенг жалб этиш, бу орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масалалари бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг устувор вазифалари қаторидан ўрин олган. Шу мақсадда касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида турли оилавий спорт мусобақалари ҳамда ходимлар гимнастикаси йўлга қўйилиб, ўтказиб келинмоқда.  

Хаммамизга маълумки, спортнинг шахмат тури инсон ақлини чархлайди, тафаккурини ривожлантиради, фикр доирасини кенгайтириб, жисмоний фаоллигини оширишда ҳамда меҳнат самарадорлигини кучайтиришда салмоқли ўрин тутади. Шу боис ҳам касаба уюшмалари бугунги кунда бошқа спорт турлари билан бир қаторда спортнинг шахмат тури оммавийлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси  ходимлари Тошкент шаҳар ташкилотлари  бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан бошланғич ташкилотлари ўртасида шахмат мусобақасини биринчи босқичи бўлиб ўтди. Айниқса, меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган спорт мусобақалари қаторидан шахмат мусобақаларига кенг ўрин берилиб, уларга нафақат ходимлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам жалб этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Наврўз умумхалқ байрами арафасида меҳнаткашлар ўртасида яна бир ажойиб спорт турнири – Шахмат биринчилигини ўтказди. Ушбу мусобақалар нафақат ходимлар, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам қамраб олди. Хусусан, мазкур биринчиликда 100 нафарга яқин меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари, шу жумладан, Транспорт ва Қурилиш тармоғи ходимлари иштирок этдилар.

Таъкидлаш лозимки, спортнинг шахмат тури бўйича жамоавий шахмат мусобақалари икки босқичда ташкил этилиб, унинг биринчи босқичи жорий йилнинг 9-14 март кунлари пойтахт касаба уюшмалари томонидан турли корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилди.

Мусобақаларнинг биринчи босқичида Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Тошкент шаҳар ташкилотлари  бирлашган касаба уюшма қўмитаси тизимидаги сараланган Тошкент архитектура курилиш институти жамоаси якуний босқичга йўлланма олишга муваффақ бўлди.

Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ўтказилган шахмат бўйича мусобақада Тошкент архитектура курилиш институти фаол иштирок этиб, эркаклар ўртасида шаҳар бўйича биринчи ўринни Исмоилов Акмал Мансурович, аёллар ўртасида эса Салимова Ирода Назарбаевна учинчи ўринни эгаллаб, диплом ва совғалар билан тақдирландилар.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси  ходимлари Тошкент шаҳар ташкилотлари  бирлашган касаба уюшма қўмитаси жамоаси шаҳар миқёсида иккинчи ўринни эгаллаб, иккинчи даражали диплом ва “Шахмат мусобақаси ғолиби” номли эсдалик совғаси билан тақдирландилар.

Print Friendly, PDF & Email