Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлари ижросини таъминлаш, ички туризмни ривожлантириш имкониятидан унумли фойдаланиш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерatsiяси Кенгашининг туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлари, 2023-2025 йиллар учун қабул қилинган “Ўзавтойўл” ДАК ва Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасидаги Тармоқ Тариф Келишуви, ҳамда корхонанинг жамоа шартномаси бандларидан келиб чиқиб, ишчи-хизматчиларининг бўш вактларини сермазмун ўтказиш, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун Жиззах вилояти АЙББ га қарашли Зомин тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасида 32 нафар узоқ йиллар ишлаб, ишлаб чиқаришда ўрнак кўрсатган, бир гуруҳ фаол ходимлар, жумладан: корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар, ёшлар ҳамда Меҳнат Фахрийлари 2025 йил 8-9 март кунлари Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳри бўйлаб 2 кунлик саёҳат уюштирилди. Саёҳатчилар Бухоро шаҳридаги “ Panorama” меҳмонхонасида меҳмон бўлишди. Ушбу саёҳатга 37 млн сўм маблағ сарфланди.

Саёҳатчилар муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, Мустақиллик йилларидаги амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари билан яқиндан танишдилар.

Саёҳатчилар дастлаб қўҳна Бухоро вилоятидаги Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Саид Амир Кулол, Бахоуддин Нақшбанд, Ситораи Мохи-Хоса, Арк, Бухоро, Зиндон, Чашма Аюб мавзолейини зиёрат қилдилар.

Сўнгра қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳридаги Гўр-Амир музейи, Мирзо Улуғбек Расадхонаси, Шохи-Зинда ансамбли, Регистон ансамбли, Хўжа Дониёр мақбараси, Бибихоним мажмуаси, Хазрати Хизр масжиди ҳамда Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдилар.

Саёҳат давомида улар Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилишар экан, амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига яқиндан гувоҳ бўлишди. Икки кун давом этган саёҳат чоғида нафақат қадимий обидалари, буюк аждодларимиз қолдириб кетган маданий меърос объектлари, сўлим боғларига ҳам ташриф буюриб, олам-олам завқ олди. Сўнгра дунёга машҳур асору атиқалар, тарихий обидаларни кўздан кечирдилар. Мислсиз бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганлиги, муҳташам бинолар, спорт мажмуалари, илм даргоҳлари қад кўтарганини яқиндан кўрдилар.

“Узоқ йиллардан буён йўл соҳасида ишлаб келаяпман, Бухорони кўриш орзуим эди, касаба уюшмаларининг кўмаги туфайли орзуим ушалди, ушбу саёҳат бир умр хотирамга муҳрланди. Ҳамкасблар билан саёҳат килиш ўзгача бўлар экан. Ушбу саёҳат 8-Март байрами ҳамда муборак рўза кунлари ташкил қилинганлиги биз учун қўшалоқ байрам бўлди. Мазза қилиб хордиқ чиқардик. Рўзадорлар учун ҳам барча шароитлар яратилган. Кўрсатилган эътибор ва меҳмондўстлик учун ташкилотчилардан чексиз миннатдорман.” — дейди йўл ишчиси Мухторов Баҳромжон.

“Мен узоқ йиллар йўл ишчиси булиб ишладим, ҳозирги кунда пенсиядаман, менинг кўп йиллик меҳнатимни инобатга олиб, ушбу саёҳатга таклиф қилганидан хурсандман. Ушбу саёҳатлар бардавом бўлишини тилаб қоламан.Ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.” – дейди корхона собиқ ходими, Меҳнат Фахрийси Алибеков Мухрбек

“Бу галги саёҳатимиз ўзгача бўлди, ходимларимиз мазза қилиб маданий хордиқ чиқаришди. Ушбу саёҳат кишига улкан руҳий, маънавий куч бағишлаб, янги марраларни эгаллашга рағбат уйғотди. Ўйлайманки, ушбу саёҳатлар ишчиларнинг кайфиятини кўтарибгина қолмай иш унумдорлигини ошишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.” — дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Нодира Хўжамқулова.

Саёҳатчилар дилларга бир олам қувонч бахш этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдиришди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: