Ташкилий ишлар

 Касаба уюшмаМарказий кенгаш Раёсатининг 2013 йил «7» майдаги

«9-5» сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН

Бирлашган касаба уюшма ташкилотлари ҳақидаги

НИЗОМ

 

  1. Умумий қоидалар

1.1. Бирлашган   касаба уюшма ташкилотлари ўз тизимида юридик шахс мақомига эга бўлган ва унга бўлмаган тузилмалардан иборат бўлган ва таркибий бўлинмалари худудий – тарқоқ жойлашган йирик бирлашмалар, корхоналар, уюшмалар, ташкилотлар ва компанияларда Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Уставининг 4.1.6 бандига асосан ташкил қилинади.

1.2. Бирлашган касаба уюшма ташкилоти Сохалар бўйича Республика бирлашган касаба уюшма кўмиталарининг тавсиясига асосан касаба уюшма Марказий кенгаши раёсатининг қарорига биноан тегишли касаба уюшма конференциясида тузилади.

1.3. Бирлашган касаба уюшма ташкилоти, унинг раҳбар органлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, касаба уюшма Устави ва Низом асосида юритади.

1.4. Бирлашган касаба уюшма ташкилоти тизимига бирлашма, корхона, уюшма ва компаниялар тизимидаги юридик шахс мақомига эга бўлган ва эга бўлмаган тузилмаларининг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари киради. Манзили олис, тарқоқ ҳолда жойлашган айрим бошланғич касаба уюшма ташкилотлари истисно тариқасида бирлашган касаба уюшма ташкилоти тизимига кирмаслиги мумкин. Бирлашган касаба уюшма ташкилотининг ташкилий тузилмаси Сохалар бўйича Республика бирлашган касаба уюшма кўмиталарининг тавсиясига асосан касаба уюшма Марказий Кенгаши раёсатининг қарори билан тасдиқланади.

1.5. Ҳисобот шаклларида бирлашган касаба уюшма қўмиталари бошланғич ташкилотлардан алоҳида кўрсатилади. Бирлашган касаба уюшма қўмиталари кўзда тутилмаган айрим ҳисобот шаклларида улар Сохалар бўйича Республика бирлашган касаба уюшма кўмиталарида кўрсатилади.

1.6. Бирлашган касаба уюшма ташкилотлари бевосита Сохалар бўйича Республика бирлашган касаба уюшма кўмиталари таркибига киради.

  1. Бирлашган касаба уюшма ташкилотининг олий органи

2.1. Бирлашган касаба уюшма ташкилотининг олий органи – касаба уюшма конференцияси ҳисобланади. Конференция заруратга қараб, бироқ камида 5 йилда бир марта ўтказилади.

2.2. Конференция бирлашган касаба уюшма қўмитаси ва тафтиш комиссиясини сайлайди ва уларнинг ҳисоботларини тинглайди:

— Сохалар бўйича Республика бирлашган касаба уюшма кўмиталари конференцияларига делегатлар сайлайди.

3. Бирлашган касаба уюшма ташкилотининг раҳбар органлари:

3.1. Конференциялар оралиғида ишларни олиб бориш учун бирлашган касаба уюшма қўмитаси 5 йил муддатга сайланади.

3.2. Бирлашган касаба уюшма қўмитаси:

— бошланғич касаба уюшма ташкилотларига умумий раҳбарлик қилади ва амалий ёрдам кўрсатади;

— бирлашган касаба уюшма қўмитаси раёсати таркибини сайлайди;

— бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарларини сайлайди, қўмита аъзолари орасида вазифаларни тақсимлайди;

— касаба уюшма конференциясини чақиради;

— меҳнаткашларнинг ишлаб чиқариш, меҳнат, маиший-маданий ва соғломлаштириш соҳаларидаги ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилади;

— меҳнат жамоаси номидан иш берувчи билан жамоа шартномалари (келишувлар)ни тузади ва унинг бажарилишини назорат қилади;

— меҳнат жамоаларининг ижтимоий ҳимоя қилиш ва ривожлантиришнинг жорий ҳамда истиқболли режаларини ишлаб чиқишда, меҳнат шароитларини яхшилаш ва муҳофаза қилиш, санитария соғломлаштириш тадбирларининг комплек режаларини ишлаб чиқишда иштирок этади, уларнинг бажарилишини назорат қилади, шунингдек жамоа мунозаларини хал қилишда қатнашади;

— иш хажми, вақти, қиймати кўрсатгичлари меъёрларини, дам олиш ва ички меҳнат тартибларини, меҳнат ва соғлиқни муҳофаза қилиш шароитларини ҳамда меъёрларини, шунингдек, меҳнат муносабатларини тартибга солиб турувчи бошқа меъёрларнинг қўлланишини келишиб боради;

— меҳнатга хақ тўлаш бўйича белгиланган тизимларнинг моддий рағбатлантириш шаклларининг тўғри қўлланилиши, иш хақи тўлаш маблағларидан фойдаланишнинг ва меҳнаткашлар билан қилинадиган ҳисоб-китобнинг тўғрилигини Меҳнат Кодекси ва бошқа қонуний хужжатлар асосида назорат қилади;

— меҳнат қонунлар, ишлаб чиқариш санитарияси ҳамда техника хавфсизлиги қоида ва меъёрларига риоя этилишини назорат қилади;

— меҳнат интизомини мустаҳкамлаш бўйича тегишли ишларни амалга оширади;

— бадиий ҳаваскорлик ва техник ижодиёт, жисмоний тарбия ва спорт ишларини ривожлантиради, болалар ва ўсмирлар орасида иш олиб боради;

— меҳнаткашларга кўрсатилаётган маданий-маиший хизмат сифатининг яхшиланишига эришиб боради, улар ўртасида маданий-маърифий, тарбиявий ишларни йўлга қўяди;

— ўз тасарруфидаги қоладиган касаба уюшма бюджетини бошқаради;

— дастлаб юқори ташкилот билан келишилган холда қўмита ҳаражат сметаси ва штатлар жадвалини мустақил равишда тасдиқлайди;

меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ҳамда мехнатни мухофаза қилиш маблағларини шакллантиришда иштирок этади ва сарфланишини назорат қилади;

-касаба уюшманинг қурултой, конференция, мажлислар шунингдек касаба уюшмаларининг бошқа органлари қарорларини бажарилишини таҳлил қилади.

3.3 Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг мажлиси эхтиёжга қараб, камида йилда бир марта ўтказилади.

3.4 Жорий ишларни олиб бориш учун бирлашган касаба уюшма қўмита раёсати 5 йил муддатга сайланади.

3.5 Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг раёсати қўмита белгилаган ваколат доирасида иш юритади. Раёсат мажлислари эхтиёжга қараб, бироқ камида бир йилда 4 марта ўтказилади.

  1. Бирлашган касаба уюшма қўмитаси маблағлари ва унинг юридик шахси сифатидаги хуқуқлари 

4.1 Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг маблағлари бошланғич ташкилотлардан тушган аъзолик бадаллар ва хўжалик органларининг ажратмалари ҳамда қонунда таъқиқ этилмаган бошқа фаолиятларни амалга оширишдан тушган тушумлардан иборатдир.

4.2 Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ўз маблағларини белгиланган тартибда касаба уюшма Устави, мазкур Низомда кўрсатилган вазифаларга, харажатлар сметасида кўзда тутилган тўловларга ва асосий ишдан озод этилган ходимларга маблағ сарф қиладилар.

4.3 Бирлашган касаба уюшма қўмитаси касаба уюшма бюджетини бошқаради ва юқори ташкилотларга белгиланган миқдорда ва тартибда маблағлар ўтказади.

4.4 Касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотлари, бирлашган касаба уюшма қўмиталари ўз Уставига эга бўлмайди ва улар Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тармоқ Уставига асосан фаолият юритади. Улар рўйхатга олувчи тегишли адлия органларида ҳисоб рўйхатидан ўтадилар.

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси юридик шахс ҳисобланиб, ўз муҳри, бланкалари ва банкдаги ҳисоб рақамларига эгадир.

  1. Бирлашган касаба уюшма ташкилотини тугатиш тартиби. 

5.1 Бирлашган касаба уюшма ташкилотини тугатиш дастлаб Сохалар бўйича Республика бирлашган касаба уюшма кўмиталарининг тавсиясига асосан касаба уюшма Марказий Кенгаши раёсатида кўриб чиқилади ва касаба уюшма ташкилотини конференциясида амалга оширилади.

5.2 Бирлашган касаба уюшма ташкилоти тугатилганидан сўнг қўмита мулки касаба уюшма Устави ва мазкур Низомда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилади.

Print Friendly, PDF & Email