Касаба уюшмаси Устави

Ўзбекистон Республикаси                                                                                                             Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал

          Адлия вазирлиги томонидан                                                                                                            қурилиш, қурилиш индустрияси

          «2» ноябрь 2020 йил                                                                                                                               ходимлари касаба уюшмасининг

          742п тартиб рақам билан                                                                                                                      V Қурултойида V-3 қарори билан

             қайта рўйхатга олинган                                                                                                                                    тасдиқланган

 

 ЎЗБЕКИСТОН ТРАНСПОРТ, ЙЎЛ ВА КАПИТАЛ  ҚУРИЛИШ, ҚУРИЛИШ ИНДУСТРИЯСИ ХОДИМЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИНИНГ

 УСТАВИ

 (янги таҳрирда)

 Тошкент-2020

 

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси (бундан буён матнда “касаба уюшмаси” деб юритилади) мулкчилик шаклидан қатъий назар транспорт, йўл ва капитал қурилиш, лойиҳалаш, тадқиқот ташкилотлари, архитектура, қурилиш индустриясидаги ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларида умумий ижтимоий-меҳнат ва касбий манфаатлари юзасидан бир-бирига боғлиқ бўлган ходимларни ҳамда тармоққа тааллуқли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахсларни, шунингдек, қисман банд ва вақтинча ишсиз бўлган фуқароларни ҳамда пенсионерларни касби, лавозими, ирқи, миллати, жинси, ёши, диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ихтиёрийлик асосида бирлаштирадиган ўзини ўзи бошқарувчи нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси ҳисобланади.

1.2. Касаба уюшмаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат Кодекси, Фуқаролик Кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмаси Устави, шунингдек, мазкур Уставга амал қилади.

Ушбу Устав касаба уюшмасининг барча аъзолари ва бўлинмалари ҳамда ташкилотлари учун мажбурийдир.

1.3. Касаба уюшмаси ўз фаолиятида, шу жумладан, молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ҳамда улар томонидан назорат қилинмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно. Касаба уюшмаси ўз тузилмасини мустақил равишда белгилайди.

1.4. Касаба уюшмаси юридик шахс ҳисобланади. Ўз муҳри, штамплари, расмий хизмат хатлари, ҳисобварақлари ҳамда солиқ органларида солиқ тўловчи идентификация рақамига эга бўлади. Ўз номидан битимлар, шартномалар тузиши, шунингдек, судда даъвогар ёки жавобгар бўлиши мумкин.

Касаба уюшмаси мустақил равишда ўз таркибини, тизимини ҳамда органларини шакллантиради ва уларнинг ваколатларини белгилайди.

Касаба уюшмаси бошқа давлатлар касаба уюшмалари ва касаба уюшмалари бирлашмалари билан ҳамкорлик қилади, шунингдек, халқаро касаба уюшмалари ва бирлашмаларига белгиланган тартибда аъзо бўлиши мумкин.

1.5. Мазкур Устав қоидалари талқинини бериш касаба уюшмаси Республика Кенгашининг, унинг мажлислари оралиғида эса касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг ҳуқуқи ҳисобланади. Устав қоидалари талқини бўйича ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолларда Уставнинг ўзбек тилидаги матни устунликка эгадир.

1.6. Касаба уюшмасининг расмий номи:

ўзбек тилида тўлиқ – ЎЗБЕКИСТОН ТРАНСПОРТ, ЙЎЛ ВА КАПИТАЛ ҚУРИЛИШ, ҚУРИЛИШ ИНДУСТРИЯСИ ХОДИМЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ

лотин ёзувида – O`ZBEKISTON TRANSPORT, YO`L VA KAPITAL QURILISH, QURILISH INDUSTRIYASI XODIMLARI KASABA UYUSHMASI

рус тилида тўлиқ – ПРОФСОЮЗ РАБОТНИКОВ ТРАНСПОРТА, ДОРОЖНОГО И КАПИТАЛЬНОГО СТРОИТЕЛЬСВА, СТРОИТЕЛЬНОЙ ИНДУСТРИИ УЗБЕКИСТАНА

инглиз тилидатўлиқ – TRADE UNION OF WORKMEN OF TRANSPORT, ROAD AND CAPITAL CONSTRUCTION, CONSTRUCTION INDUSTRY OF UZBEKISTAN

Қисқартирилган расмий номи:

ўзбек тилида – ЎТЙКҚҚИХКУ

лотин ёзувида – O`TYKQQIXKU

рус тилида – ПРТДКССИУ

инглиз тилида – TUWTRCCCIU

1.7.Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

Доимий асосда фаолият юритадиган касаба уюшмасининг раҳбар органи жойлашган ери (манзили):

Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Бухоро кўчаси, 24 уй. 100029.

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1. Касаба уюшмсининг асосий мақсади:

фуқароларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқини ҳеч қандай чекловлар ва тўсиқларсиз амалга ошириш;

бандлик ва меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, таълим олиш масалаларида ўз аъзоларининг якка ёки жамоавий ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш;

давлат бандлик дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, бандликни таъминлаш, шу жумладан, янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олишга эришиш;

ходимлар учун хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини яратилиши ва уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўланишига эришиш;

ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилишини таъминлаш;

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ҳамда муносиб ҳордиқ чиқаришлари ва дам олишларини таъминлаш.

2.2.Касаба уюшмсининг асосий вазифалари:

фуқароларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқини ҳеч қандай чекловлар ва тўсиқларсиз амалга ошириш ҳамда касаба уюшмаси ҳаракатининг бирлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаш;

касби, лавозими, ирқи, миллати, жинси, ёши, диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини меҳнат қилиш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўланиши, ишни ва касбни эркин танлаш ва меҳнат шароити яратилиши, дам олиш, ишсизликдан ҳимояланишига доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

иш берувчилар ва уларнинг бирлашмаларида касаба уюшмаси аъзоларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича давлат дастурларини шакллантиришда ва ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларини текширишда иштирок этиш;

ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш тўғрисида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилишларини бартараф этиш ҳақида иш берувчига таклифлар киритиш;

меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолатини ўрганиш, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилишга доир мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш;

меҳнат ҳуқуқига оид ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда уларнинг ижроси бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш;

давлат бандлик дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, бандликни таъминлаш, шу жумладан янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ташкилотларнинг фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни таклиф этиш;

касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий кафолатлар даражаси кўтарилишига ҳамда меҳнатига муносиб ҳақ тўланилишига эришиш;

иш берувчилар ва мансабдор шахслар томонидан меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси қоидалари ва меъёрларига риоя қилиниши, шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари, тавсиялари талабларига амал қилиниши, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилиши, ижтимоий суғурта маблағларидан фойдаланиш, касаба уюшмаси аъзоларига меҳнат ва дам олиш шароитларини яратилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш;

меҳнатга оид барча масалаларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

ижтимоий шериклик тамойили асосида иш берувчилар ва уларнинг уюшмалари билан ўз аъзолари манфаатларига оид келишув, шартнома ва битимлар тузиш, уларга амалдаги қонун ва меъёрий хужжатларда белгиланганидан кўра кўпроқ имтиёз ва кафолатлар киритилишига эришиш;

жамоа шартномалари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш комиссияларини ташкил этиш, жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш;

тармоқ миқёсидаги ўртача иш ҳақи миқдорини таҳлил қилиш, ўз ваколатлари доирасида иш ҳақи ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, оммавий равишда ишдан озод этилаётган ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

ходимларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаш ишларини, яширин ишсизлик ва норасмий бандлик ҳолларини таҳлил қилиш, тегишли чоралар кўриш, ходимларнинг ўз малакасини ошириб боришига кўмаклашиш, квоталанган иш ўринларига фуқаролар ишга жойлаштирилиши, муассасалардан оммавий равишда ишдан озод этилаётган ходимларга моддий мадад чоралари қўлланилиши устидан назорат олиб бориш;

бандликка кўмаклашиш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга, яшил иш ўринлари яратилишига кўмаклашиш, уларга узоқ муддатли ссудалар бериш;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни ташкил қилишга, дам олиш, санаторий — курортларда даволанишнинг самарали  бўлишига, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, унинг оммавийлигини оширишга, иш вақтида ходимлар гимнастикаси жорий этилишига кўмаклашиш;

касаба уюшмаси аъзолари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида маҳаллий ва халқаро туризмни ривожлантириш, ходимларнинг жамоавий дам олишини ташкиллаштириш, маданий-маънавий, ахлоқий-тарихий, шунингдек умумбашарий қадриятларни тарғибот-ташвиқот қилиш;

кўрик-танловлар ва турли спорт мусобақаларини, оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш, ғолибларни мукофотлаш ва рағбатлантириш;

атроф муҳитнинг экологик мувозанатини сақлашга, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўмаклашиш;

корхона ва ташкилотларда гендер тенглиги таъминланишига кўмаклашиш, оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, соғлом оилани шакллантиришга кўмаклашиш;

ёшларга оид давлат сиёсатига кўмаклашиш, ёш мутахассислар, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз устида доимий ишлаши, касбий маҳоратини мунтазам равишда ошириб бориши учун “Устоз-шогирд”  тизими ва бошқа анъаналарни йўлга қўйиш, давом эттириш;

корхона ва ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилиб пенсия ёшига етган ходимларнинг юбилей ва нафақага кузатиш тадбирларини ташкил қилиш, пенсияга чиққан ходимлар ҳолидан хабар олиш;

кам таъминланган, эҳтиёжманд фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;

меҳнатда бошқаларга ибрат кўрсатган, фаол касаба уюшмаси аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш. Бу борада иш берувчилар ва уларнинг уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш;

халқаро ва бошқа мамлакатларнинг турдош касаба уюшмалари, касаба уюшмалари бирлашмалари билан аъзолар манфаати ва тажриба алмашиш йўлида ҳамкорлик қилиш.

Касаба уюшмаси ўз мақсадларига эришиш учун бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

III. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Касаба уюшмасининг ҳуқуқлари:

ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси, шунингдек суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш;

ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

кўриб чиқилиши шарт бўлган, ходимлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўсқинлик қилувчи ёки уларни чекловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек бундай ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш зарурлиги тўғрисидаги тавсиялар ва ёзма сўровларни тегишли органларга юбориш;

давлат органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

оммавий-ахборот воситаларида, шунингдек интернет тармоғида ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

Уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ва тижорат ташкилотларини ҳамда турли жамғармаларни ташкил этиш;

Устав фаолиятини амалга ошириш учун давлат органларидан, уларнинг мансабдор шахсларидан, иш берувчилардан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари масалалари юзасидан бепул ахборот олиш ҳамда зарур бўлган маълумотномаларни ва бошқа ҳужжатларни сўраб олиш;

иш берувчилар томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини иш ўринларида амалга ошириш;

манфаатлари ифода этилаётган ходимларнинг иш жойларига монеликсиз кириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги,  жамоатчилик экспертизасини ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи инспекциялар тузиш;

ижтимоий шериклик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ҳақида ташаббуслар билан чиқиш, битимлар, шартномалар ва келишувлар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиш;

ходимлар номидан жамоа музокараларини олиб бориш, жамоавий меҳнат низоларини тартибга солишда иштирок этиш, меҳнат низолари бўйича комиссияларнинг ишида иштирок этиш, оммавий равишда ишдан озод этиш оқибатларини юмшатишга қаратилган маслаҳатлашувлар ўтказиш;

иш берувчининг ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш тўғрисидаги қарорини олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш ҳақидаги таклифларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун киритиш;

жамоа шартномасида ёки келишувида назарда тутилган ҳолларда, тегишли касаба уюшмасининг ёки бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг олдиндан розилигини олмасдан туриб меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, йўл қўймаслик;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш;

ташкилотларнинг раҳбарларига ҳамда бошқа мансабдор шахсларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш, шунингдек ташкилотларнинг раҳбарларига мазкур қоидабузарликларда айбдор бўлган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги касаба уюшмалари бирлашмаларига, халқаро ва глобал касаба уюшмалари ташкилотларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш, турдош хорижий касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш, улар билан халқаро келишув ва битимлар тузиш, шу битимлар доирасида тадбирлар ташкил қилиш;

ўз рамзий белгиларини таъсис этиш;

ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилиш, конференция, симпозиум, форум ва ҳалқаро семинарлар ўтказиш ҳамда заруратга кўра навбатдан ташқари Қурултой, Республика Кенгаши Мажлиси ва Республика Кенгаши Раёсати йиғилишини чақириш;

спорт мусобақалари, кўрик-танловлар, оммавий-маданий тадбирлар ташкил этиш;

касаба уюшмаси эсдалик ва кўкрак нишони, Фахрий ёрлиғи, Фахрий унвонларини таъсис этиш;

Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

3.2. Касаба уюшмасининг мажбуриятлари:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя этиш;

ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

касаба уюшмасини рўйхатдан ўтказувчи органга режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида олдиндан хабар қилиш ва унинг вакилигаушбу тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

рўйхатдан ўтказувчи, давлат солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш;

ўз фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

Касаба уюшмаси томонидан қабул қилинадиган устав ва низомларни оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан, касаба уюшмасининг расмий веб-сайтларида албатта эълон қилиш;

битимлар ва шартномалар, дастурлар ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларни бажариш;

Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

4.1. Касаба уюшмасига аъзолик ихтиёрий ҳисобланади.

Касаба уюшмасига аъзо бўлиб кириш истагини билдирган, ушбу Уставни тан олувчи ва аъзолик бадалларини ўз вақтида тўловчи ўн беш ёшга тўлган, мулкчилик шаклидан қатъий назар транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси тармоғи тизимига кирувчи корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳар бир фуқаро ҳамда тармоққа тааллуқли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган ўқувчи ва талабалар, қисман банд ва вақтинча ишсиз бўлган фуқаролар ҳамда пенсионерлар касаба уюшмаси аъзоси бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида яшаётган, тармоққа тааллуқли ташкилотларда меҳнат қилаётган ёки таълим олаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, касаба уюшмасига аъзо бўлишлари мумкин ва тенг ҳуқуқлидир.

Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш якка тартибда, аъзоликка кирувчи шахснинг аризасига кўра, касаба уюшмаси ва унинг бўлинмалари, шу жумладан бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг қарорига асосан амалга оширилади. Касаба уюшмасига аъзолик бу тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан бошланади.

Корхона ва ташкилотда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти бўлмаган ҳолларда ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш касаба уюшмаси юқори тузилмаси раҳбар органи қарори билан амалга оширилади.

Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиш ихтиёрийлик асосида ходимнинг шу ҳақидаги аризасига асосан бошланғич ташкилот қарорига кўра амалга оширилади.

4.2. Касаба уюшмаси аъзолари, қоида тариқасида, асосий иш (ўқиш) жойларидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида ҳисобда турадилар.

4.3.Касаба уюшмасига аъзоликни қуйидагилар сақлаб қоладилар:

туғруқ ва фарзанд тарбиялаш таътилида бўлган ходимлар;

болани, касал ва ногиронларни парвариш қилиш сабабли вақтинча иш фаолиятини тўхтатган касаба уюшмаси аъзолари;

саломатлиги ёмонлашганлиги ёки ёши етганлиги сабабли пенсияга чиқиб, меҳнат фаолиятини тўхтатган ҳамда касаба уюшмаси ташкилоти билан алоқани узмаган ва аъзолик бадалларини тўлаб турувчи касаба уюшмаси аъзоси;

иш ўринлари (штат) сонининг қисқариши, корхонанинг ёпилиши сабабли ишдан озод қилинган ходимлар – ишга жойлашгунларига қадар;

ходим иш берувчи томонидан ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ҳолларда — қайта ишга тиклангунига қадар;

ходим мавсумий ишларда банд бўлиб, кейинги мавсумда ишни қайта бошлагунига қадар;

Республика ҳудудидан ташқарига ўқиш ва хизмат вазифаси билан боғлиқ вақтинча ишга кетганлар – қайтиш даврига қадар;

бошқа узрли сабабларга кўра (тегишли касаба уюшмаси органининг қарори асосида).

Ходим у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг хам аризасига асосан, аъзолик бадалларини тўлаб туриш шарти билан касаба уюшмаси аъзолигини давом эттириши мумкин. Бундай шахсларнинг аризаси бошланғич ташкилот органи томонидан кўриб чиқилади ва  тегишли қарор асосида амалга оширилади. Қабул қилинган қарор хақида амалдаги қонунларда белгиланган муддатларда ёзма жавоб берилиши шарт.

4.4. Қуролли кучлар сафидан хизматдан қайтганлар учун касаба уюшмасига аъзолик тикланади.

4.5. Касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқлари.

Касаба уюшмаси аъзолари ушбу Уставда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида тенг ҳуқуқлидир.

Қуйидагилар касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқлари ҳисобланади:

ўзининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб ҳар қандай даражадаги касаба уюшмаси органларига мурожаат этиш ва мурожаати бўйича тегишли жавобни талаб қилиш;

касаба уюшмаси органларидан бепул ҳуқуқий ёрдам олиш;

касаба уюшмаси ташкилотлари, органлари фаолиятида иштирок этиш, қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва ижросини таъминлашда қатнашиш;

касаба уюшмаси фаолияти, шу жумладан молиявий фаолияти ҳақидаги ахборот ва ҳисоботларини ҳисобот йиғилишларида эшитиш, маълумот олиш;

касаба уюшмаси раҳбар органларига сайлаш ва сайланиш;

ўзининг фаолияти ва ҳулқ-атворига тааллуқли масала кўрилаётган йиғилишлар, касаба уюшмаси органлари мажлисларида шахсан иштирок этиш;

касаба уюшмасининг фаолиятини касаба уюшмаси йиғилиш (конференция)ларида, Қурултойларида, сайланма органлар мажлисларида, оммавий ахборот воситаларида эркин муҳокама этиш ва танқид қилиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини киритиш, ўз фикрини очиқ баён этиш ва ҳимоя қилиш, қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

касаба уюшмаси томонидан ташкил этиладиган оммавий, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва бошқа тадбирларда, танловларда ҳеч қандай тўсиқсиз қатнашиш;

касаба уюшмаси тизимидаги ёки уларга фойдаланиш учун берилган маданият муассасалари, спорт-соғломлаштириш иншоотларидан биринчи навбатда ва имтиёзли шартлардан фойдаланиш;

касаба уюшмаси раҳбар органлари томонидан белгиланган тартибда маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантирилиш;

шахсий аризасига кўра касаба уюшмасидан эркин чиқиб кетиш;

санаторийлар, санаторий-профилакторийлар, дам олиш масканлари, болалар дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларига белгиланган тартибда имтиёзли йўлланмалар сотиб олиш;

4.6. Касаба уюшмаси аъзосининг мажбуриятлари:

касаба уюшмаси Уставига риоя қилиш, касаба уюшмаси органлари ва ташкилотларининг тегишли қарорлари ва топшириқларини бажариш;

ҳар ойда белгиланган тартиб ва миқдорда аъзолик бадалларини тўлаш;

тармоқ (тариф) келишувлари ҳамда жамоа шартномаларининг шартлари бажарилишига кўмаклашиш ва қатнашиш;

касаба уюшмаси органлари томонидан қабул қилинган қарорларни оғишмай бажариш ва амалга оширилишига кўмаклашиш, меҳнат ва касб интизомини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш;

касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси ташкилотининг обрўсини мустаҳкамлашда кўмаклашиш, касаба уюшмасига зарар етказадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик;

касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси ташкилотининг йиғилишларида, агар делегат сифатида сайланган бўлса, тегишли касаба уюшмаси ташкилотининг конференцияси ёки Қурултойида шахсан иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

4.7. Уставдаги мажбуриятларини қўпол равишда бузган касаба уюшмаси аъзосига нисбатан қуйидаги чоралари қўлланилади:

сайланма орган таркибида бўлса – орган таркибидан чақириб олиш;

касаба уюшмаси аъзолигидан чиқариш.

Касаба уюшмаси аъзосига чораларни қўллаш масаласи унинг иштирокида, узрли сабабларсиз келмаган ҳолларда эса унинг иштирокисиз бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти умумий йиғилишида ёки касаба уюшмаси юқори турувчи органи йиғилишида, уни қабул қилинган қарордан хабардор этган ҳолда, ҳал қилинади.

Кворум мавжуд бўлган ҳамда йиғилиш қатнашчиларининг 2/3 қисми ёқлаб овоз берган тақдирдагина касаба уюшмасидан чиқариш ҳақидаги қарор ҳақиқий ҳисобланади.

Аъзога нисбатан кўрилган чора тўғрисидаги қарор ҳақида касаба уюшмаси аъзосига хабар қилинади.

Чора кўрилган шахс чора кўрилганлиги тўғрисидаги қарор устидан мазкур ҳужжатни олган кундан эътиборан 1 ой давомида юқори касаба уюшмаси раҳбар органига шикоят қилишга ҳақли.

Қўлланилган чорани олиб ташлаш масаласи чора қўллаган орган томонидан кўриб чиқилади. Касаба уюшмаси аъзосига чора қўлланилган кундан бошлаб, 1 йил ўтгандан сўнг чора қўлланилмаган ҳисобланади.

Касаба уюшмасига аъзолик бадалларини кетма-кет олти ойдан ортиқ вақт тўламаган касаба уюшмаси аъзоси касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилган, деб ҳисобланади. (Уставнинг 4.3. -бандида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно)

Касаба уюшмаси сафидан чиққан шахс касаба уюшмаси томонидан ҳимояланиш, касаба уюшмаси мулки ва воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотади.

Касаба уюшмаси аъзоси касаба уюшмасига тегишли бўлган мулкда ўз улушига, шу жумладан, тўлаган аъзолик бадалларига мулкий ҳуқуққа эга бўлмайди.

4.8. Касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси ташкилотининг фаолиятида фаол иштирок этганлиги учун касаба уюшмаси аъзосига қуйидаги рағбатлантириш турлари тақдим этилиши мумкин:

ташаккурнома эълон қилиш;

касаба уюшмаси сертификати билан тақдирлаш;

қимматбахо ва эсдалик совғалари билан мукофотлаш;

пул мукофоти билан тақдирлаш;

Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш;

Эсдалик ва кўкрак нишони билан тақдирлаш ва бошқа мукофот турларини бериш.

Рағбатлантиришнинг шакли ва тартиби касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан белгиланади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ПРИНЦИПЛАРИ ВА ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ

 

5.1. Касаба уюшмаси фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

ихтиёрийлик;

камситишга йўл қўймаслик;

мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш;

тенг ҳуқуқлилик;

ошкоралик ва очиқлик.

5.2.Касаба уюшмаси тузилмасини қуйидагилар ташкил этади:

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари;

бирлашган касаба уюшмаси ташкилотлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмаси Ҳудудий Кенгаши;

касаба уюшмаси Марказий аппарати.

Касаба уюшмаси тизимида хотин-қизлар, ёшлар билан ишлаш ва бошқа кенгашлар, комиссиялар тузилиши мумкин, уларнинг фаолияти касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори билан тасдиқланадиган тегишли Низомлар асосида амалга оширилади.

  1. БОШЛАНҒИЧ КАСАБА УЮШМАСИ ТАШКИЛОТЛАРИ

6.1. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ёки тегишли таълим муассасасида ўқийдиган касаба уюшмаси аъзоларининг тегишли касаба уюшмаси Устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий бирлашмасидир.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти касаба уюшмасининг бўлинмаси ҳисобланади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини тузиш камида 2 нафар касаба уюшмаси аъзоларининг ташаббуси билан амалга оширилади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти, қоида тариқасида, ишлаб чиқариш ёки касб-кор тамойили бўйича, бироқ мулк шакли ва кимга бўйсунишидан қатъий назар, ташкилотлар, корхоналар ва муассасаларда тузилади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси аъзоларининг таъсис (умумий) йиғилиши томонидан қабул қилинади ва
2 нусҳада расмийлаштирилади ҳамда қарорнинг бир нусҳаси шу куннинг ўзида тегишли ҳудудий юқори касаба уюшмаси органига тақдим этилади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти мазкур Устав ҳамда касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган “Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида Низом” асосида фаолият юритади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти юридик шахс мақомига эга бўлган ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда тузилиши мумкин.

Юридик шахс мақомига эга бўлган ва бўлмаган бошланғич ташкилотларни ҳисобга олиш касаба уюшмасининг тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмаси ҳудудий Кенгашлари (кейинги ўринларда “ҳудуддаги тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари” деб аталади) томонидан амалга оширилади ҳамда ҳисоби юритилади. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппаратида уларнинг умумлаштирилган ҳисоботи юритилади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти берилган ҳуқуқлар доирасида ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, маиший, дам олиш, маданий-маърифий, туризм, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда бошқа масалаларда касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.

6.2.Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фуқароларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилади ва аъзоликдан чиқаради;

Ўриндошлик асосида ишловчилар бир вақтнинг ўзида бошқа касаба уюшмасига ҳам аъзо бўлишлари мумкин;

Бошланғич касаба уюшмаси мавжуд бўлмаган ташкилотларнинг ходимларини аъзоликка қабул қилиш ҳудудга тегишли касаба уюшмаси бўлинмаси томонидан амалга оширилади;

6.3. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотнинг раҳбар органлари:

Умумий йиғилиши;

Қўмита (ташкилотчи).

6.4. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилиши:

заруратга қараб, лекин 1 йилда камида 1 марта ўтказилади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси, раис ўринбосарлари, қўмита аъзоларини, агар ҳисобварақасига эга бўлса, тафтиш комиссияси аъзолари ва унинг раисини 5 йил муддатга сайлайди.

бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти қўмитанинг (ташкилотчининг), тафтиш комиссиясининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитади.

фаолиятига доир низомлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, шунингдек, уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритади.

жамоа шартномаси лойиҳасини мақъқуллайди;

ходимлар манфаати ниқтаи назаридан ваколат доирасида қарорлар қабул қилади;

тегишли юқори касаба уюшмаси ташкилоти конференцияcига делегатлар, сайлаб қўйиладиган органлари таркибига вакилларни сайлайди.

6.5. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилишини чақириш имконияти бўлмаган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида конференция ўтказилиши мумкин.

Конференция мақоми ва ваколати умумий йиғилиш мақоми ва ваколатига тенг.

6.6. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти қўмитаси (ташкилотчиси):

15 ва ундан кам касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида – Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ташкилотчиси сайланади.

15 нафар ва ундан кўп касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида –Бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси тузилади.

Бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси йиғилиши заруратга қараб, лекин 1 йилда камида 2 маротаба ўтказилади.

юқори касаба уюшмаси органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти аъзоларининг қонуний талабларини ифодалайди ва ҳимоя қилади;

корхона, ташкилот, муассасани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, чора-тадбирларини тайёрлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ишларда иштирок этади;

жамоа шартномаси лойиҳасини тузади, тегишли юқори касаба уюшмаси органи экспертизасидан ўтказади ва кўриб чиқиш учун умумий йиғилишга киритади, маъқуллангандан сўнг, тегишли юқори касаба уюшмаси органига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади;

иш берувчи томонидан қабул қилинадиган меҳнатга оид локал ҳужжатларни келишиб беради;

жамоа музокараларини олиб бориш, жамоа шартномасини сайлаб қўйиладиган органи (касаба уюшмаси қўмитаси, касаба уюшмаси ташкилотчиси) тимсолида ходимлар номидан имзолайди;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иш берувчи томонидан маълум хатти-ҳаракатлар амалга оширилишидан олдин маслаҳатлашувлар ўтказилишини талаб қилади ва ўрнатилган тартибда амалга оширилишига розилик бериш ёки бермаслик масалаларини кўриб чиқади;

меҳнат низолари (можаролари)ни ҳал этишда иштирок этади;

жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолларда иш берувчининг ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш ёки бермаслик масаласини ҳал қилади;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятига раҳбарлик қилади;

иш берувчиларнинг амалдаги қонунчиликка зид тарзда қабул қилган қарорлари, буйруқларини белгиланган тартибда бекор қилинишига эришади;

амалдаги қонунчиликка биноан, меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этади, меҳнат ҳуқуқи, меҳнат ва саломатлик муҳофазаси масалалари бўйича меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади, уларга риоя этилишини назорат қилади;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолларини ўқитишни ташкил этади, ўзаро ижобий тажриба алмаштириш чораларини кўради;

зарур ҳолларда, қўмита раисини, унинг ўринбосарини сайлайди ва ўз вазифасидан озод этади, юқори касаба уюшмаси органлари таркибига ўз вакилларини сайлайди ва чақиртириб олади;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг бюджетини бошқаради, касаба уюшмаси юқори органи тавсиялари асосида касаба уюшмаси қўмитасининг сарф-харажатлар сметасини тасдиқлайди, унинг бажарилишини назорат қилади;

аъзолик бадаллари маблағларини белгиланган тартибда юқори касаба уюшмаси органларига ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилишини таъминлайди ва бунга масъулдир.

“Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида Низом”га мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

15 нафаргача касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида қўмитанинг ваколатлари ва вазифалари умумий йиғилишга  берилади.

6.7. Юридик шахс сифатида қабул қилинган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида тафтиш комиссияси сайланади. Тафтиш комиссияси ўз фаолиятини касаба уюшмасининг Қурултойи томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмасининг тафтиш комиссияси тўғрисида Низом” асосида олиб боради.

6.8. Юридик шахс сифатида қабул қилинган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси қарори билан ҳисобчи тайинланади.

6.9. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси (ташкилотчиси) касаба уюшмаси аъзолари ичидан сайланади. Бунда, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раислиги (ташкилотчилиги)га номзод шахс касаба уюшмаси аъзолари фаолият юритаётган корхона, ташкилот, муассасанинг ходими бўлиши мажбурий эмас.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ҳисобчиси тегишли мутахассислик бўйича олий ёки ўрта махсус дипломи (ёки унга тенглаштирилган ҳужжат)га эга бўлиши лозим. Бунда, ҳисобчининг касаба уюшмаси аъзоси бўлиши ёки бўмаслиги, тегишли корхона, ташкилот, муассасасанинг ходими бўлиши ёки бўлмаслиги, бирон бир бошқа ташкилотда ишлаши ёки ишламаслиги бўйича ҳеч қандай чеклов ўрнатилмайди.

6.10. Ваколат муддати (5 йил) тугаганидан сўнг бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти органлари (бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси (ташкилотчиси), қўмитаси, шу жумладан, қўмита аъзолари ҳамда тафтиш комиссияси)нинг ваколат муддати тугаган ҳисобланади.

Ваколат муддати тугаганидан сўнг, касаба уюшмаси аъзорлари умумий йиғилиш ўтказиб, қайта сайлов ўтказишлари лозим.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти органларининг ваколат муддати тугаган тақдирда ҳам, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ҳисобчиси, фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги тегишли қарор имзоланмагунича, ўз фаолиятини давом эттиришга ҳақли.

Қайта сайловларни ўтказиш форс-мажор ҳолатларида ёки қонунчиликда белгиланган бошқа чекловлар жорий қилинганда маълум бир муддатга кечиктирилиши мумкин.

Сайловларни кечиктириш касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати ёки ҳудудлардаги тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари қарори билан амалга оширилади.

Ваколат муддати тугаган бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти органлари иш фаолиятини давом эттиришга ҳақли эмас (бундан сайлов кечиктирилган ҳолатлар мустасно), акс ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Устав ёки қонунчилик талабларини бузган бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти, унинг органлари ва масъул шахсларига нисбатан касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати, ҳудудлардаги тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан ваколат доирасида чора кўрилади ёки ваколатли орган томонидан қонунчиликда назарда тутилган тартибда чора кўрилиши бўйича сўров юборилади.

6.11. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси (ташкилотчиси), қўмита аъзоларининг муддатидан олдин сайлови бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ҳисобида турган касаба уюшмаси аъзоларининг 1/3 қисмидан кам бўлмаган талаби ёки юқори касаба уюшмаси органининг қарорига биноан, шунингдек, ўз ташаббуси билан ёки саломатлиги ёмонлашгани туфайли ўз вазифаларини бажара олмай қолган тақдирда ўтказилиши мумкин.

Бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси, шу жумладан, тафтиш комиссиясининг аъзолари бошқа ишга ўтиб кетган тақдирда ёки бошқа сабабларга кўра қўмита ёки тафтиш комиссияси таркиби камайганда 1 ой муддатда қўмита ёки тафтиш комиссияси таркибини тўлдириш ва янги аъзоларни сайлаш бўйича умумий йиғилиш ўтказилади.

Ташкилот ёки муассасада мулкчилик шакли ўзгарган тақдирда, бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси (ташкилотчиси) аввал ҳаракатда бўлган қўмита (ташкилотчи)нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади ва ўз ҳуқуқий мақомини сақлаб қолган ҳолда фаолият кўрсатишни давом эттиради.

6.12. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раислиги (ташкилотчилиги)га номзод бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобини юритаётган ҳудуддаги тегишли касаба уюшмаси ташкилоти билан келишган ҳолда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти умумий йиғилишида сайланади.

Талаб этилганда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси (ташкилотчиси) ва ҳисобчисининг имзолар намунаси ҳисобини юритаётган ҳудуддаги тегишли касаба уюшмаси ташкилоти томонидан тасдиқланади.

6.13. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятини қайта ташкил этиш ёки тугатиш бўйича қарор бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Корхона тугатилганда, агарда умумий йиғилиш ўтказиш имконияти бўлмаса, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятини тугатиш ҳудуддаги тегишли касаба уюшмаси ташкилоти ёки юқори турувчи касаба уюшмаси органи қарори билан амалга оширилади.

Касаба уюшмаси аъзолари бошқа касаба уюшмаси аъзолигига ўтганда ушбу бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ҳудуддаги тегишли касаба уюшмаси ташкилоти ёки юқори турувчи касаба уюшмаси органи қарори билан тугатилади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тугатилганда унинг мол-мулки ва маблағлари барча мажбуриятлар бажарилгандан сўнг, Уставда белгиланган мақсадларга сарфлаш учун касаба уюшмаси тасарруфига ўтказилади.

6.14. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мол-мулки ва маблағларини бошқариш борасидаги ҳуқуқлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган “Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида”ги Низомда белгиланади.

VII. КАСАБА УЮШМАСИ БИРЛАШГАН ҚЎМИТАСИ

7.1. Ўзига хос касбий манфаатларини тўлиқ ифодалаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқарув органлари ва уларнинг таркибий бўлинмаларида ишлаб чиқариш хусусиятлари, ҳудудий тарқоқлигини ҳисобга олиб ҳамда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш мақсадида касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси тузилиши мумкин.

Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси касаба уюшмасининг бўлинмаси ҳисобланади ҳамда юридик шахс мақомига эга бўлиши мумкин.

7.2. Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори билан тузилади. Бунда, касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси тузиш бўйича соҳага тегишли бўлган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари ташаббускор бўлиши мумкин.

Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси Устав талаблари ва қарорлар ижросини самарали таъминлаш мақсадида ҳақ тўланадиган аппарат ходимларига эга бўлиши мумкин. Бунда, касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси аппаратининг штатлар жадвали ва разрядлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори билан белгиланади.

Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси:

Уставда белгиланган вазифаларни, Конференциялар ва Қурултойнинг қарорларини бажариш бўйича ўз фаолиятини амалга оширади;

фуқароларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилади ва аъзоликдан чиқаради;

касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш чораларини кўради;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларига услубий-амалий ёрдам кўрсатади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг ҳаракат бирлигини мустаҳкамлайди.

Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунлари, касаба уюшмаси Устави, юқори раҳбар органлари қарорлари ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган тегишли Низомга мувофиқ амалга оширади.

7.3. Қуйидагилар касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасининг органлари ҳисобланади:

Конференция;

Бирлашган қўмита;

Тафтиш комиссияси.

Конференция касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси томонидан
5 (беш) йилда камида бир маротаба чақирилади.

Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси раиси, раис ўринбосари, Қўмита ҳамда аъзоларининг ваколат муддати 5 йил.

Навбатдан ташқари Конференция касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси  хизмат кўрсатаётган касаба уюшмаси аъзоларининг камида 1/3 қисмининг талаби билан ёки Бирлашган қўмитанинг ташаббуси билан ёҳуд касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати, шунингдек, тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмаси ҳудудий Кенгашининг қарорига мувофиқ чақирилиши мумкин.

Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасининг органлари ваколати форс-мажор ҳолатларида ёки қонунчиликда белгиланган бошқа чекловлар жорий қилинганда маълум бир муддатга узайтирилиши мумкин. Ваколат муддатини узайтириш тегишли юқори касаба уюшмаси органи ёки касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори билан амалга оширилади.

Ваколат муддати тугаган касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси органлари иш фаолиятини давом эттиришга ҳақли эмас (бундан сайлов кечиктирилган ҳолатлар мустасно), акс ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Устав ёки қонунчилик талабларини бузган касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси, унинг органлари ва масъул шахсларига нисбатан касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати, ҳудудлардаги тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан ваколат доирасида чора кўрилади.

7.4. Касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси фаолиятини қайта ташкил этиш ёки тугатиш масаласи касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарорига биноан амалга оширилади.

Барча мажбуриятлар бажарилганидан сўнг, тугатиладиган касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасининг мол-мулки ва маблағлари Уставда белгиланган мақсадларда сарфланиши учун касаба уюшмасига ўтказилади.

VIII ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТЛАР, ТОШКЕНТ ШАҲАР КАСАБА УЮШМАСИ ҲУДУДИЙ КЕНГАШЛАРИ

8.1 Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмаси ҳудудий Кенгашлари (кейинги ўринларда “ҳудудий касаба уюшмаси Кенгашлари” деб юритилади) юридик шахс мақомига эга бўлган касаба уюшмасининг алоҳида бўлинмалари ҳисобланиб, тегишли маъмурий-ҳудудий тузилмаларда касаба уюшмаси манфаатларини ифодалайдилар.

Ҳудудий касаба уюшмаси Кенгашлари касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг ҳамда бирлашган, туман (шаҳар) касаба уюшмаси ташкилотларининг салоҳиятини юксалтириш ва ҳаракат бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида тузилади.

8.2. Ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотларини тузиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори билан амалга оширилади.

8.3. Ҳудудий касаба уюшмаси Кенгашлари:

Уставда белгиланган вазифаларни, касаба уюшмаси юқори органлари қарорларини бажариш бўйича ўз фаолиятини амалга оширади;

ижтимоий ҳамкорлар ўртасида тузилган Бош келишув ҳамда тармоқ (тариф) келишувларининг ҳудудда бажарилишини назорат қилади;

ҳудудни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда ҳамда меҳнат, иш ҳақи меъёрлари масалаларини ҳал этишда қатнашади;

давлат ва хўжалик бошқарув органлари тизимида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига алоқадор масалаларни кўриб чиқишда иштирок этади;

фуқароларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилади ва аъзоликдан чиқаради;

юридик шахс мақомига эга бўлган ва бўлмаган тегишли бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларини ҳисобга олади ва ҳисобини юритади;

тегишли ҳудуд доирасида касаба уюшмаси манфаатларини ифодалайди ва амалга оширади;

касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш чораларини кўради;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари ҳамда касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасиларига услубий-амалий ёрдам кўрсатади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари ҳамда касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасиларининг ҳаракат бирлигини мустаҳкамлайди.

Ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунлари, касаба уюшмаси Устави, юқори раҳбар органлари қарорлари ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган тегишли ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотлари тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширади.

8.4. Қуйидагилар ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотларининг раҳбар органлари ҳисобланади:

Конференция;

Кенгаш;

Кенгаш Раёсати.

Конференция тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмаси ташкилотларининг Кенгаши томонидан 5 (беш) йилда камида бир маротаба чақирилади.

ҳудудий касаба уюшмаси ташкилоти раиси, раис ўринбосари, Кенгаш Раёсати аъзоларининг ваколат муддати 5 йил.

Навбатдан ташқари Конференция тегишли ҳудуддаги жами бирлашган ва туман (шаҳар) касаба уюшмаси ташкилотлари ёки ҳудуддаги касаба уюшмаси аъзоларининг камида 1/3 қисмининг талаби билан ёхуд ҳудудий касаба уюшмаси ташкилоти Кенгаши ташаббуси билан, шунингдек, касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг қарорига мувофиқ чақирилиши мумкин.

8.5. Ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотлари органлари ваколати форс-мажор ҳолатларида ёки қонунчиликда белгиланган бошқа чекловлар жорий қилинганда маълум бир муддатга узайтирилиши мумкин.

Ваколат муддати тугаган ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотлари органлари иш фаолиятини давом эттиришга ҳақли эмас (бундан сайлов кечиктирилган ҳолатлар мустасно), акс ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Устав ёки қонунчилик талабларини бузган ҳудудий касаба уюшмаси ташкилоти, унинг органлари ва масъул шахсларига нисбатан касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан ваколат доирасида чора кўрилади.

8.6. Ҳудудий касаба уюшмаси ташкилоти тугатилган тақдирда, барча мажбуриятлари бажарилганидан сўнг, унинг мол-мулки ва маблағлари Уставда белгиланган мақсадларда сарфланиши учун касаба уюшмасига ўтказилади

8.7. Ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг раҳбар органларига доир нормалар, уларни ташкил этиш ва тугатиш тартиби касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган тегишли ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотлари тўғрисидаги Низом билан белгиланади.

  1. I КАСАБА УЮШМАСИ ВА УНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

9.1. Қуйидагилар касаба уюшмасининг раҳбар органлари ҳисобланади:

Қурултой – касаба уюшмасининг олий органи;

Республика Кенгаши –Қурултойлар оралиғида касаба уюшмасининг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи;

Республика Кенгаши Раёсати– касаба уюшмаси фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширувчи ижроия органи;

касаба уюшмаси раиси – фаолиятини яккабошчилик асосида амалга оширувчи ижро органи.

Тафтиш комиссияси – касаба уюшмасининг назорат қилувчи органи.

9.2. Қурултой.

Қурултой Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмасининг олий раҳбар органи бўлиб, Кенгаш томонидан 5 йилда камида бир маротаба чақирилади. Қурултойни чақириш муддати, вакиллик меъёри, делегатларни сайлаш тартиби ва кун тартиби камида 2 ой олдин Республика Кенгаши томонидан эълон қилинади.

Навбатдан ташқари Қурултой Республика Кенгашининг ёки касаба уюшмаси аъзоларининг 1/3 қисмининг талабига кўра, шунингдек, ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмаси қарорига мувофиқ чақирилиши мумкин. Навбатдан ташқари Қурултойни чақириш муддати ва унинг кун тартиби камида 1 ой олдин эълон қилинади.

9.2.1 Қурултой олий раҳбар орган сифатида Республика Кенгаши, Республика Кенгаши Раёсати масалаларига доир ҳамда касаба уюшмаси фаолиятига оид ҳар қандай қарорлар қабул қилиши мумкин.

9.2.2 Қурултой ҳужжатлари қарорлар, мурожаатлар ва резолюциялар шаклида қабул қилинади.

9.3. Қурултой ваколатига қуйидагилар киради:

Касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳисоботини эшитиш ва унга баҳо бериш;

Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботини эшитиш ва унга баҳо бериш;

касаба уюшмасининг Уставини қабул қилиш, унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда тасдиқлаш;

тафтиш комиссиялари тўғрисидаги Низомни қабул қилиш ҳамда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

касаба уюшмасининг истиқболдаги асосий фаолият йўналишларини белгилаш;

Республика Кенгаши аъзоларини 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек, белгиланган меъёр асосида тўғридан-тўғри Республика Кенгаши аъзолигига сайланганларнинг ваколатларини тасдиқлаш;

тафтиш комиссияси таркиби ва унинг раисини 5 йил муддатга сайлаш;

касаба уюшмаси раисини сайлаш;

ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмаси олий органи (Қурултойи)га делегатлар ҳамда ушбу бирлашманинг сайланадиган органи таркибига вакилларни  сайлаш;

делегатлар ваколатларини касаба уюшмасининг навбатдан ташқари Қурултойигача сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилиш;

касаба уюшмалари бирлашмаларига, шунингдек хорижий мамлакатларнинг касаба уюшмаси ташкилотига (Бирлашмасига), касаба уюшмаси халқаро ташкилотларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

касаба уюшмасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш ҳақида қарор қабул қилиш.

Касаба уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига кўра Қурултой делегатлари ҳисобланадилар.

9.4. Республика Кенгаши.

9.4.1. Қурултойлар оралиғида касаба уюшмасининг сайлаб қўйиладиган доимий фаолият юритувчи раҳбар органи Республика Кенгаши ҳисобланади.

Республика Кенгаши таркибига лавозимига кўра касаба уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари киради.

Республика Кенгаши Мажлиси заруриятга кўра, аммо 1 йилда камида бир маротаба чақирилади.

9.4.2. Республика Кенгашининг ваколат муддати 5 йил.

9.4.3. Республика Кенгашининг Мажлислари Республика Кенгаши Раёсати қарорига ёки Республика Кенгаши аъзолари умумий сонининг камида
1/3 қисмининг талабига кўра чақирилади.

9.4.4. Республика Кенгаши ҳужжатлари қарор шаклида қабул қилинади.

9.4.5. Республика Кенгаши Мажлисларини касаба уюшмаси раиси, у йўқ бўлган ҳолларда ўринбосарларидан бири ёки Республика Кенгашининг қарорига кўра унинг аъзоларидан бири олиб боради.

9.4.6. Республика Кенгаши раҳбар орган сифатида Республика Кенгаши Раёсати масалаларига доир қарорлар қабул қилиши мумкин.

9.4.7. Ўз фаолиятида фақат Қурултой олдида ҳисобдордир.

9.5. Республика Кенгаши ваколатига қуйидагилар киради:

Уставда белгиланган вазифаларни ва Қурултойнинг қарорларини бажариш бўйича фаолиятни амалга ошириш;

ўз фаолияти тўғрисида 5 йилда камида бир маротаба Қурултойга ҳисобот бериш;

касаба уюшмаси раисининг ўринбосарларини сайлаш;

ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларига алоқадор, жумладан, бандлик, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, иш ҳақи, меҳнат шароити, ходимларнинг меҳнатини, соғлигини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уй-жой ва маиший турмуш шароити, маданий хизмат кўрсатиш, ходимларнинг ижтимоий кафолатлари масалалари бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни қонунларда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаш юзасидан фаолият олиб бориш;

маҳаллий, халқаро ва глобал касаба уюшмалари бирлашмаларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

касаба уюшмаси аъзолик бадаллари тушумини фоизлар ҳисобида тақсимланиш меъёрларини белгилаш;

бошқа мамлакатлар ва халқаро касаба уюшмалари ташкилотлари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш, уларнинг тажрибасини ўрганиб бориш;

ўз фаолияти тўғрисида касаба уюшмаси аъзоларини мунтазам равишда, аммо бир йилда камида бир марта хабардор қилиб бориш;

ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотларини, касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасини  ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

касаба уюшмаси мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

Қурултой, шу жумладан навбатдан ташқари Қурултойни чақириш тўғрисида қарор қабул қилиш, Қурултойга ҳисобот маърузаси ва маърузачини тасдиқлаш;

касаба уюшмаси бўлинмалари раҳбарларининг касаба уюшмаси органлари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш;

касаба уюшмаси аъзоларининг касаба уюшмаси ташкилотларининг умумий вазифаларни бажариш борасидаги ҳаракатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш, касаба уюшмаларининг республика миқёсидаги тадбирларини ўтказиш;

қонунчиликда касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси ташкилотларига бериладиган ҳуқуқларни амалга ошириш;

Республика Кенгаши Раёсатининг сон таркибини белгилаш ва 5 йил муддатга Республика Кенгаши Раёсати аъзоларини сайлаш;

Қурултойлар оралиғида Республика Кенгаши аъзоларини таркибдан чиқариш, сайлаш ва Республика Кенгаши таркибига янги вакил этиб сайланган аъзоларнинг ваколатларини тасдиқлаш;

ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хабардор қилиш;

касаба уюшмаси раиси ўз хоҳишига кўра ёки бошқа ишга ўтганлиги сабабли лавозимидан озод этиш ҳақида ариза берган тақдирда ёки саломатлиги ёмонлашгани туфайли ўз вазифаларини бажара олмай қолган ҳолларда Қурултойлар оралиғида касаба уюшмаси раисини сайлаш ва лавозимидан озод қилиш;

Қурултойлар оралиғидаги даврда касаба уюшмаси раиси лавозимидан озод этилган ҳолларда,  Қурултой ўтказилгунига қадар касаба уюшмаси раиси вазифасини бажаришни унинг ўринбосарларидан бирига юклаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Республика Кенгаши Устав мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб ваколати доирасида бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

Республика Кенгаши ўзининг ваколатига кирмаган бошқа масалалар бўйича қарори билан ўзининг айрим ваколатларини Республика Кенгаши Раёсатига, раисига бериши мумкин.

9.6. Республика Кенгаши Раёсати.

9.6.1. Республика Кенгаши Раёсати касаба уюшмасининг сайлаб қўйиладиган  ижроия органи ҳисобланиб, касаба уюшмаси фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Қурултой ва Республика Кенгашининг ваколатларидан ташқари касаба уюшмасининг барча масалаларига доир қарорлар қабул қилади.

9.6.2. Республика Кенгаши Раёсати таркибига лавозимига кўра касаба уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари киради. Республика Кенгаши Раёсатининг қолган аъзолари Республика Кенгаши Мажлисида сайланади.

Республика Кенгаши Раёсати йиғилиши заруриятга қараб, аммо ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

9.7.Республика Кенгаши Раёсати ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчиларнинг Бирлашмалари ўртасида тузилган Бош Келишувга асосланган ҳолда тегишли вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқарув органлари билан ҳамкорликда тармоқ (тариф) келишувини тузади;

ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига доир масалаларни қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва фаолият олиб боради;

иш берувчилар, уларнинг Бирлашмалари томонидан меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга риоя этишларини назорат қилиб боради, аниқланган камчиликларни бартараф этишни талаб қилади;

аҳолининг бандлик даражасини таҳлил қилади, ишсизликни камайтириш, вақтинча ишсизларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва аниқ ишларни олиб боришда давлат органларига кўмаклашади;

ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида иштирок этади, касаба уюшмалари ҳаракатига доир муҳим масалалар бўйича қарорлар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилади;

касаба уюшмаси аъзолари томонидан илгари сурилган ҳимоя талабларини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, суд органларида ўз вакили орқали қўллаб-қувватлайди, ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш учун қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланади;

белгиланган тартибда касаба уюшмаси билан келишиш учун киритилган норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиб беради;

Республика Кенгаши Мажлисини чақиради, уни кун тартиби ва ўтказиш жойи юзасидан таклифлар киритади, муҳокама қилинаётган масалаларга оид материалларни тақдим этади, қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши ва назоратини ташкил қилади;

касаба уюшмасига янги аъзоларни қабул қилиш, шунингдек, аъзоликдан чиқариш масалаларини ҳал қилади;

касаба уюшмаси Бирлашган қўмитаси ва ҳудудий бўлинмалар тўғрисида низомларни тасдиқлайди;

касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасини, ҳудудий бўлинмаларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларини тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

касаба уюшмаси бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

қуйи касаба уюшмаси ташкилотларининг таклифига асосан марказлашган ҳолда касаба уюшмаси қуйи ташкилотларининг товар моддий бойликларини харид қилади;

йиллик статистик ҳисоботларни тасдиқлайди;

касаба уюшмаси ходимлари, аъзолари ва фаолларини Давлат мукофотлари билан мукофотлаш ҳақида ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмасига илтимоснома киритади;

касаба уюшмаси эсдалик ва кўкрак нишони, Фахрий ёрлиғи, Фахрий унвонларини таъсис этади ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

касаба уюшмаси Фахрий ёрлиғи, нишонлари, унвонлари билан тақдирлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

қуйи касаба уюшмаси ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодларни таклиф қилиши мумкин;

касаба уюшмаси рамзий белгиси (тимсоли)нинг намунасини тасдиқлайди;

бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан халқаро алоқаларни ривожлантиради, уларнинг иш тажрибасини ўрганади, шунингдек, ўз фаолиятини тарғиб қилади;

касаба уюшмаси номидан Ўзбекистон Республикасининг ходимлар ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган халқаро шартномаларини тузишда ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилишда иштирок этиш;

бир йилда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисида Республика Кенгашига ҳисобот беради;

касаба уюшмаси фаолиятининг барча йўналишлари бўйича Республика Кенгаши ваколатига кирадиган масалалардан ташқари услубий тавсиялар ишлаб чиқади;

касаба уюшмаси аъзолари ва фаолларини ўқитиш борасидаги ишларини ташкил қилади, йўналтиради ва мувофиқлаштиради;

янги иш ўринлари яратиш мақсадида касаба уюшмаси маблағи ҳисобидан тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

мазкур Уставда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаси ва унинг бўлинмалари, шунингдек, унинг тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар пул маблағлари ва мол-мулкини бошқаради;

мазкур Уставда кўзда тутилган мақсадларига эришиш учун ўзи таъсис қилган (тасарруфига олган) ташкилотлар, корхоналар орқали тадбиркорлик, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги фаолиятларни олиб боради, олинган даромад фақат мазкур Уставда белгиланган мақсадларга йўналтирилади;

касаба уюшмаси Марказий аппарати даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди ;

корхона, ташкилот, муассасаларга ҳомийлик ва молиявий ёрдамлар кўрсатиш масаласини кўриб чиқади;

қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан касаба уюшмаси Марказий аппаратига ҳисоботлар топшириш тартибини, уларни тақдим этиш даврийлигини белгилайди;

касаба уюшмаси бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотларининг ҳисоботларини тинглайди;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг, шу жумладан, юридик шахс мақомига эга бўлмаган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг ҳисобини юритади;

қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари, жумладан, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари органлари қарорларида қонун бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлса, уни
10 кун муддатда қайта кўриб чиқиш ва қонунга мувофиқлаштириш бўйича қарор қабул қилади;

ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган касаба уюшмаси бўлинмалари, касаба уюшмаси тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар раҳбар ва масъул шахсларига нисбатан ваколат доирасида чора кўради;

касаба уюшмаси Марказий аппарати иш режасини тасдиқлайди;

касаба уюшмаси Марказий аппаратининг тузилмасини ва штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Қурултой ва Республика Кенгаши томонидан ваколат берилган бошқа вазифаларни ҳам бажаради;

 

9.8. Касаба уюшмаси раиси.

9.8.1. Касаба уюшмасига раҳбарлик қилади, бир вақтнинг ўзида Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Раёсати раиси ҳам ҳисобланади ҳамда касаба уюшмаси Марказий аппаратига бевосита раҳбарлик қилади. Касаба уюшмаси Устави ва органлари қарорига мувофиқ берилган ваколатлар доирасида касаба уюшмаси номидан иш кўради.

9.8.2. Қурултой томонидан 5 йил муддатга сайланади ва у билан меҳнат шартномасини касаба уюшмаси номидан Қурултой ваколат берган шахс имзолайди.

 

9.8.3. Касаба уюшмаси раиси:

Касаба уюшмаси Устави бўйича вазифаларини, шунингдек, касаба уюшмаси органлари қарорларининг бажарилишини ташкил этади ва унинг олдида ҳисобдордир;

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органларида, ўзини ўзи бошқариш органларида, иш берувчилар, жамоат бирлашмаларида, бошқа ташкилотларда, оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда касаба уюшмаси номидан қатнашади;

давлат ва хўжалик бошқарув органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) очиқ ҳайъат мажлисларида касаба уюшмаси номидан иштирок этади;

ишончномасиз касаба уюшмаси номидан иш кўради;

белгиланган тартибда касаба уюшмаси билан келишиш учун киритилган норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини касаба уюшмаси номидан келишиш тариқасида имзолайди ёки ўз таклиф ва эътирозларини билдиради;

Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма Мажлисларини ўтказади;

зарур ҳолларда касаба уюшмаси номидан баёнотлар беради, мурожаатнома ва тақдимномалар юборади;

меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказишда касаба уюшмасининг вакиллари иштирокини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қонунчилигига зид келадиган, касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи ҳаракатлар содир этилганда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, иш берувчи ва уларнинг бирлашмаларига, ушбу ҳаракатларни бекор қилиш бўйича талаблар қўяди;

ташкилотларнинг раҳбарларига ҳамда бошқа мансабдор шахсларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга, шунингдек, ташкилотларнинг раҳбарларига мазкур қоидабузарликларда айбдор бўлган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритади;

касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларини қўшимча рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;

касаба уюшмаси бюджетининг, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга, маънавият ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган маблағлар жорий ижросинитаъминлайди, шунингдек, касаба уюшмаси Марказий аппаратининг молиявий хўжалик фаолиятини бошқаради;

касаба уюшмаси раиси ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

касаба уюшмаси Марказий аппаратининг ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ва бекор қилади, уларнинг вазифаларини белгилайди, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди;

қуйи касаба уюшмаси ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодларни таклиф қилади;

ўз фаолиятида камчиликларга йўқ қўйган касаба уюшмаси бўлинмалари раҳбар ва масъул шахсларига нисбатан ваколат доирасида чора кўриш бўйича Республика Кенгаши Раёсатига ёки тегишли касаба уюшмаси бўлинмаси органларига таклиф киритади ёки Тафтиш камиссиясига ўрганиш бўйича мурожаат этади;

касаба уюшмаси томонидан таъсис этилган ташкилотларга умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг раҳбарлари билан белгиланган тартибда меҳнат муносабатларини олиб боради;

чет эл хизмат сафарига борадиганлар номзодларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

мазкур Уставда белгиланган ваколати доирасида фармойишлар чиқаради;

касаба уюшмаси номидан ишончнома беради;

Республика Кенгаши Раёсатини чақиради, муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан Республика Кенгаши Раёсати йиғилишига материаллар тайёрланишини ташкиллаштиради, Республика Кенгаши Раёсати йиғилишига масалаларни киритади, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди ва назорат қилади;

Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Раёсати қарорларини имзолайди;

касаба уюшмаси номидан хўжалик шартномалари ва бошқа шартномаларни имзолайди;

Қурултой, Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Раёсати томонидан берилган ваколатлар доирасида бошқа ташкилий бошқарув, маъмурий-хўжалик ишларига оид функцияларни ҳам амалга оширади;

ўзининг айрим ваколатларини ўринбосарларига, қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари раҳбарларига бериши мумкин.

9.8.4. Раис қарори фармойиш шаклида қабул қилинади. Касаба уюшмаси раиси касаба уюшмаси Марказий аппарати ходимлари, қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари, касаба уюшмаси тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари томонидан бажарилиши шарт бўлган қонуний фармойишлар бериш ҳуқуқига эга.

9.8.5. Қурултойлар оралиғида касаба уюшмаси раисининг ваколатини белгиланган муддатдан илгари тўхтатиш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида қарор Республика Кенгашининг Мажлисида, унинг оралиғида эса Ижроия қўмита томонидан қабул қилиниши мумкин.

9.9. Тафтиш комиссияси.

9.9.1. Тафтиш комиссияси касаба уюшмасининг тафтиш органи ҳисобланиб, касаба уюшмаси ва унинг ташкилотлари Устав талаблари, Қурултой, Республика Кенгаши, Республика Кенгаши Раёсати қарорлари ва тизимда амалда бўлган низом, тартиб, йўриқнома ва норматив ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши, мулкдан самарали фойдаланилишини текширади, тафтишдан ўтказади ва назорат қилади.

9.9.2. Тафтиш комиссияси Республика Кенгаши шакллантириладиган тартибда ва унинг ваколат муддатига тенг муддатда Қурултойда сайланади. Тафтиш комиссиясининг фаолияти Қурултой қарорига кўра ёки касаба уюшмасининг фаолияти тўхтатилган тақдирда тўхтатилади.

Тафтиш комиссияси ўз фаолиятида мустақил бўлиб, Қурултой олдида ҳисобдордир.

Қурултойлар оралиғида зарурат туғилганда тафтиш комиссияси аъзолари таркибига ўзгартириш киритиш Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма Мажлиси қарори билан амалга оширилади.

9.9.3. Тафтиш комиссияси қуйи касаба уюшмаси ташкилотларини тафтиш қилиш ҳуқуқига эга.

9.9.4. Касаба уюшмаси тафтиш комиссиясининг фаолияти Қурултой томонидан тасдиқланадиган “Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси тафтиш комиссиялари тўғрисида”ги Низомга асосан амалга оширилади.

9.10. Касаба уюшмаси Марказий аппарати.

9.10.1. Касаба уюшмаси Марказий аппарати касаба уюшмаси органлари мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш учун шакллантирилади ва доимий асосда фаолият юритади.

9.10.2. Касаба уюшмаси Марказий аппарати ўз фаолиятини Республика Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланадиган регламент асосида амалга оширади

  1. ҚУРУЛТОЙЛАР, ҲУДУДИЙ, БИРЛАШГАН КАСАБА УЮШМАСИ ТАШКИЛОТЛАРИ КОНФЕРЕНЦИЯЛАРИ, САЙЛАБ ҚЎЙИЛАДИГАН РАҲБАР ОРГАНЛАР МАЖЛИСЛАРИНИНГ ТЎЛА ҚОНУНИЙ ҲУҚУҚЛИ БЎЛИШИ, УЛАРДА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

10.1. Касаба уюшмаси Қурултойлари, ҳудудий, касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасининг конференциялари уларга сайланган делегатлар умумий сонининг 2/3 қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Касаба уюшмаси Қурултойи делегатларининг ваколатлари Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланади.

10.2. Республика Кенгаши, ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотлари Кенгашлари, уларнинг Ижроия қўмиталари, касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасининг Мажлис (йиғилиш)лари мазкур сайлаб қўйиладиган органлар аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда тўла қонуний ҳуқуқли ҳисобланади.

10.3. Касаба уюшмаси Қурултойи, ҳудудий, касаба уюшмаси Бирлашган қўмитасининг конференцияси, Республика Кенгаши ва унинг Раёсати, ҳудудий ва туман (шаҳар)касаба уюшмаси ташкилотлари Кенгашлари ва уларнинг Ижроия қўмиталарининг Мажлис (йиғилиш)лари кворум мавжуд бўлгани ҳолда уларда қатнашаётган делегатлар, сайлаб қўйиладиган органлар аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берганда қарор қабул қилинган ҳисобланади.

10.4. Овоз бериш шакли Қурултой, конференция делегатлари, сайлаб қўйиладиган орган аъзолари томонидан белгиланади.

10.5. Қурултой, конференция, сайлаб қўйиладиган орган Мажлисларида муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинади ва якуни бўйича баённомалар расмийлаштирилади.

10.6. Касаба уюшмасининг сайланадиган раҳбар органларига иш берувчилар ёки давлат органларининг мансабдор шахслари аъзо бўлишлари мумкин эмас.

  1. XI. ХОДИМЛАР ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

11.1. Касаба уюшмаси органларига, жумладан, қуйи ташкилотлари органларига, касаба уюшмасининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайлангани муносабати билан ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган шахслар, шунингдек, касаба уюшмаси ходимлари билан меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар, жамоа шартномалари ва келишувлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

 

ХII. МУЛК ВА МАБЛАҒЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ

12.1. Касаба уюшмаси ва унинг тузилмасидаги ташкилотлари Уставдаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ўзига тегишли мулки ва маблағларига эгалик қиладилар, улардан фойдаланадилар, белгиланган тартибда сарфлайдилар.

Касаба уюшмаси ва унинг тузилмасидаги ташкилотларининг мулки ва маблағлари касаба уюшмаси аъзоларининг ҳар ойлик аъзолик бадаллари, ихтиёрий мулкий бадаллар ва хайриялар, қонунларда белгиланган тартибда тадбиркорлик, хўжалик ва бошқа тижорат фаолиятидан олинган, устав мақсадларига йўналтирилувчи даромадлар, ижтимоий, маданий, маънавий-маърифий, туризм, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа тадбирларини ўтказиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўтказиладиган, шунингдек, қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилади.

Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ва бошқа манбалардан тушган маблағлар маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларига, туризм йўналишига, касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва рағбатлантиришга, касаба уюшмаси органларида ишлайдиган ходимларга ҳақ тўлаш ва амалдаги қонунчилик доирасида бошқа Устав мақсадлари учун сарфланади.

Иш берувчилар касаба уюшмаси ташкилотига турли мақсадли, жумладан, меҳнат муҳофазаси таъминлашга, маданий-оммавий, спорт тадбирларини ўтказиш учун жамоа шартномасида белгиланган маблағларни ўтказишлари мумкин.

Иш берувчилар, корхона ва ташкилотлар касаба уюшмаси ва унинг бўлинмалари балансига ходимларни қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмасини рағбатлантириш ва унинг салоҳиятини ошириш мақсадида ўзларининг балансида бўлган объектлар, бино ва иншоотлар, асосий воситалар, активларни беғараз ўтказиб бериши мумкин.

Касаба уюшмаси ва унинг бўлинмалари Устав фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган қимматбаҳо қоғозлар, акция ва бошқа мулклар сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Касаба уюшмаси ва унинг бўлинмалари белгиланган тартибда ўзларининг мустақил баланси, банкларда ўз ҳисобварақаларига (шу жумладан миллий ва хорижий валютада) эга бўлишлари мумкин.

12.2. Иш берувчилар касаба уюшмасининг аъзолари бўлган ходимларнинг ёзма аризалари мавжуд бўлганда касаба уюшмасининг тегишли ҳисобварағига ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган касаба уюшмасига аъзолик бадалларини, агар жамоа шартномасида, келишувида шундай қоида назарда тутилган бўлса, ўз вақтида ўтказиши шарт.

12.3. Касаба уюшмаси аъзоларининг ҳар ойлик бадаллари қуйидагича йиғилади:

Ишловчилардан, шу жумладан, мавсумий ишловчилардан иш жойида барча турдаги иш ҳақлари, стипендия, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига кирувчи қўшимча, мукофотларидан бир фоиздан кам бўлмаган миқдорда;

пенсионерлардан пенсия миқдорининг ёки республикада белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоринингнинг бир фоиздан кам бўлмаган миқдорида;

вақтинча ишламайдиганлардан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бир фоиздан кам бўлмаган миқдорида.

Касаба уюшмаси аъзосининг аризасига асосан ўз хоҳиши билан белгиланган миқдордан ортиқ бадал тўлаши мумкин.

12.4. Касаба уюшмаси қўшимча молиявий маблағларни ишлаб топиш ва келгусида улардан касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қўшимча иш ўринлари яратиш учун фойдаланиш мақсадида, белгиланган тартибда ишлаб чиқариш, хўжалик, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши, суғурта компанияси ва акциядорлик жамияти, мақсадли жамғармалар ва бошқа ташкилотларни ташкил этиши мумкин. Мазкур фаолиятдан тушган даромад, шунингдек, касаба уюшмасининг мулки, пул ва чет эл валютасидаги маблағлари аъзолар ўртасида тақсимланмайди ва Устав мақсадларига сарфланади.

12.5. Касаба уюшмаси маблағларини мақсадли ва самарали сарфлаш тартиби Республика Кенгаши қарори билан белгиланади. Касаба уюшмасининг барча органлари учун ушбу тартиб бажариш учун мажбурийдир. Молиявий интизомга амал қилмаган касаба уюшмаси органлари раҳбарлари, масъул шахслари қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Касаба уюшмаси ва унинг бўлинмалари органлари раҳбарлари, масъул шахслари томонидан содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганда, ушбу шахслар ҳатти-ҳаракати натижасида вужудга келган камомад ва мажбуриятлар бўйича касаба уюшмаси жавобгар бўлмайди.

12.5. Касаба уюшмаси Марказий аппарати, бўлинмалари (ҳудудий, бирлашган ва бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари) ҳамда тасарруфидаги корхона ва ташкилотларнинг маблағлари ва мол-мулклари касаба уюшмасининг умумий мулкидир.

Касаба уюшмаси бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари фаолияти тугатилганда ёки касаба уюшмаси аъзоси унинг сафидан чиққанда касаба уюшмаси маблағлари ва мол-мулки бўлинмайди ва қайтарилмайди.

12.6. Касаба уюшмаси мулки объектларига бинолар, иншоотлар, ер участкалари, механизмлар, жиҳозлар, транспорт ва техника воситалари, инвентарь, маданий-маърифий, жисмоний тарбия, спорт ва соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган мулк, турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, маблағлар, шу жумладан, чет эл валютасидаги маблағлари, қимматбаҳо қоғозлар, корхоналар ва хўжаликлар, оммавий ахборот воситалари, босмахоналар, санаторий-курорт, дам олиш уйи, соғломлаштириш, спорт, ўқув муассасалари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, интеллектуал мулк, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мол-мулклар киради.

12.7. Касаба уюшмасининг мулки дахлсиздир ва у қонун билан қўриқланади. Унинг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

12.8. Касаба уюшмаси ўз мулкига нисбатан қонунга ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишга, жумладан, ҳомийлик ва молиявий ёрдам маблағларини ажратишга, ўз мулкини ажратиб беришга, мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсларга беришга, сотишга, мулкни гаровга қўйишга, ундан бошқача тарзда фойдаланишга ҳақли.

Касаба уюшмаси мулкининг шаклини ўзгартириш, тасарруф этиш масаласи қонун билан ўрнатилган тартибда, мазкур Уставда белгиланган ваколатлар доирасида касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан ҳал этилади.

12.9. Касаба уюшмаси мулкининг ишончли бошқарув учун бошқа шахсга (ишончли бошқарувчига) берилиши, мулкий ҳуқуқларнинг ўтишига асос бўлмайди, ишончли бошқарувчи касаба уюшмаси манфаатларини ҳисобга олиб мулкни бошқариши шарт.

12.10. Касаба уюшмаси, унинг бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори (рухсати) билан ёки ваколат берилган касаба уюшмаси бўлинмаси Кенгаши Раёсати қарори (рухсати) билан мол-мулк ва активлар (бино ва иншоотлар, қурилмалар, автотранспорт воситалари, турли қимматбаҳо аппаратура ва техника воситалари ва ҳоказо)ни сотиб олиши мумкин.

12.11. Касаба уюшмаси, унинг бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари қонунчиликда таъқиқланмаган тарзда ҳар қандай мол-мулкни ҳадя (беғараз) равишда қабул қилиб олиши мумкин.

Касаба уюшмаси аъзолари ва бошқа ташкилотлар касаба уюшмасига берган мол-мулкига ва аъзолик бадалларига эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолмайдилар.

12.12. Касаба уюшмаси бўлинмалари балансидаги активлари, мол-мулклар устидан жорий бошқарувни (эгалик қилиш ҳуқуқисиз) амалга оширади.

Касаба уюшмаси мол-мулклари ва активлари (бино ва иншоотлар, қурилмалар, автотранспорт воситалари, турли қимматбаҳо аппаратура ва техника воситалари ва ҳоказо) касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ҳисобдан чиқарилиши, сотилиши, ижарага ёки вақтинча фойдаланишга ёхуд беғараз берилиши мумкин.

ХIII. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ

13.1. Касаба уюшмаси ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, давлат солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

ХIV. КАСАБА УЮШМАСИ УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

14.1. Касаба уюшмаси Уставини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Қурултой ваколатига киради.

       Қурултойлар оралиғида касаба уюшмасининг Уставига қонунчилик асослари ва бошқа сабабларга кўра қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори билан амалга оширилиши мумкин.

14.2. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тўғрисида қарор кворум мавжуд бўлганда Қурултойда иштирок этаётган делегатлар, Республика Кенгаши мажлисида иштирок этаётган кенгаш аъзоларининг камида 2/3 (учдан икки) қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

14.3. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг, қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда тегишли ҳужжатлар қайта рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

15.1. Касаба уюшмаси фаолиятини қайта ташкил этиш (бирлашиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва бошқалар) ёки тугатиш Қурултой қарорига кўра амалга оширилади.

15.2. Касаба уюшмаси қайта ташкил этилгандан сўнг Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда давлат рўйхатига олинади.

15.3. Касаба уюшмаси фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор айнан шу масала юзасидан чақирилган Қурултойда қабул қилинади.

15.4. Касаба уюшмаси фаолиятини тўхтатиш ёки уни тугатиш Қурултойнинг қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

15.5. Касаба уюшмасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

15.6. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини тугатган тақдирда Қурултой унинг мол-мулкидан фойдаланиш тўғрисида қарор чиқаради. Касаба уюшмасининг мол-мулки унинг ходимлари, аъзолари ўртасида бўлинмайди. Қолган мол-мулклар Уставдаги мақсад ва вазифалар йўлида ёки хайрия мақсадларида сарфланади.

15.7. Касаба уюшмаси тугатилган ҳолда унинг ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат архиви ташкилотларига сақлаш учун топширилади.

XVI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

16.1. Мазкур Уставда назарда тутилмаган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан тартибга солинади.

16.2. Ушбу Устав қоидаларини Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид тарзда талқин қилиш мумкин эмас ҳамда Устав қоидаларини Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид  тарзда ифода килинган бандлари ҳақиқий эмасдир.

 

 

Республика Кенгаши раиси                                                    А.К.Нугманов

 

 

Print Friendly, PDF & Email