30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти Кенгаши томонидан ёшлар ойлигини юқори уюшқоқликда ва эсда қоларли ўтказиш мақсадида бир қатор маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари, «Раҳбар ва ёшлар» учрашувлари, «Заковат» интеллектуал ўйинлари ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Ёшлар ойлиги доирасида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят Кенгаши раиси Ҳасанбой Хожаев иштирок этиб, касаба уюшмалари фаолияти ҳамда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Учрашувда Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусахон Аппақовнинг ҳам ёшлар манавияти тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Наманган вилоятида меҳнат жамоаларидаги 400 мингга яқин ишчи-ходим касаба уюшма атрофида бирлашиб, унинг имтиёз ва имкониятларидан фойдаланаётган бўлса, шундан 105 мингдан ортиғини ёшлар, яъни ёш ишчи-ходимлар ва олий таълим муассасалари талабалари ташкил этади.
Самимий суҳбат жараёнида Жамоа шартномалари орқали ёшларга яратилаётган имтиёзлар ва улардан ёшлар оқилона фойдаланаётгани ҳам эътироф этилди. Учрашув давомида фаол ёшларга ҳамда спорт мусобақалари иштирокчиларига ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: