Андижонда касаба уюшмалари тизимида қирқ йилдан зиёд муттасил ва фаол ишлаб, соҳанинг жонли тарихига айланиб келаётганлар тўрт киши бўлса, шулардан бири Назокатхон Қўзибоева. Опанинг вилоят касаба уюшмалари уйида йўриқчи сифатида иш бошлаган 1979 йилдан шу кунгача қай вазифада бўлмасин, ҳалол ва виждонан, ҳамкасбларига намуна бўлиб меҳнат қилиб келаётганини эътироф этувчилар жуда кўп.
Албатта, битта жабҳада қирқ йиллик ибратли фаолият кишини наинки шу соҳанинг чинакам билимдонига, балки навқирон ҳамкасблари олдида устоз даражасига етказиши ҳам бор гап. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси, меҳнат муносабатлари, техника хавфсизлиги билан боғлиқ турли масалаларда юзага келувчи нозик муаммоларга ечим топишда касбдошларига Назокат опанинг йўл-йўриқлари, оқилона маслаҳатлари кўп асқотади.
Назокатхон Қўзибоева етти йилдирки, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Андижон вилояти бирлашган касаба уюшма қўмитасига раислик қилиб келяпти. Номидан аён – тармоқнинг йўналишлари турлича: йўллардан фойдаланиш, кўкаламлаштириш, кўприкларни сақлаш корхоналари, қурилиш ташкилотлари, аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятлар, лойиҳалаштириш, архитектура ва қурилиш ташкилотлари, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари… Вазифа ва йўналишлардаги тафовут иш берувчи ва ходимлар ўртасида тузилажак жамоа шартномаларида ҳам албатта ўз аксини топади.
Бирлашган қўмита раиси тармоқдаги ҳар бир бошланғич ташкилот, корхона, муассаса билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган, ходимлар манфаатлари учун астойдил жон куйдиради. Ўз навбатида, иш берувчилар билан ҳам доимий самимий мулоқотда – аммо бу илиқ муносабат ноҳақликка учраган ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишда адолатли иш тутумига тўғаноқ бўлолмайди. Зотан, опанинг касбий фаолиятини амалга ошириш чоғидаги «қайсар»лигини, «Иш – иш, қадрдонлик эса ўз йўлига» деган ўзгармас тамойилини барча яхши билади.
Назокатхон Қўзибоева раислик қилаётган тармоқда рўёбга чиқарилаётган ишларни бирма-бир санашга, фаолияти билан боғлиқ узундан-узун рақамларни таҳлил қилишга ҳожат йўқ. Негаки, у етакчилик қилаётган қўмитанинг кўрсаткичлари бугунги катта ўзгаришлар даврида рисоладагидек, касабақўм раисидан талаб этилажак барча жиҳатларга жавоб бера олади. Унга яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони топширилгани ҳам айни шу эътирофнинг ўзига хос намойиши. Ҳамиша тўғрисўзлик, ташаббускорлик ҳамда фидойилик билан қилинган меҳнатнинг меваси эса тотли бўлади.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: