Жорий йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ижтимоий хамкорлар иштирокида “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишлаб давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар ходимларга муносиб меҳнат шароитини яратиш, иш жойида ходимлар руҳиятига таъсир этувчи омиллар, уни бошқариш усуллари, бартараф этиш механизмлари ва ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун унинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда ходимлар руҳиятининг турли кўринишларини мутахассисларга ва ишчи-ходимлар саломатлигига хавф солувчи унсурларининг олдини олиш ва иш жараёнида соғлом муҳитни яратишдан иборатдир.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан буён “28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана арафасида дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида, шу жумладан юртимизда ҳам иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилади. Яна шуниси эътиборга моликки, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниб, амалга киритилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги томонидан касаба уюшмалари иштирокида ишлаб чиқилаётган меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонун ости ҳужжатлари бўйича алоҳида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Сохани тартибга солувчи корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини ташкил этиш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўқитиш, билимларини синаш, давлат экспертизаси ўтказиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш аудити тартиблари бўйича янги қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳақида тушунчалар берилди.
Давра суҳбатида корхоналарнинг иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг тажрибалари ўрганилиб, долзарб таклифлар билдирилди.
Баҳс-мунозараларга бой тарзда ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари, иш ўринларнинг хавфсизлиги масалаларини таҳлил килиниб, мулоҳаза юритилди, тармоқ корхона ва ташкилотларида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар намунали ташкил этилаётгани эътироф этилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида касаба уюшмаларининг амалга ошираётган ишлари алоҳида қайд этилди.
Ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш каби масалаларда касаба уюшмалари тизимида мингдан зиёд ходимларнинг иш ўринларининг хавфсизлиги, коллеж битирувчиларига яратилган хавфсиз меҳнат шароитлари ўрганилгани ва иш берувчилар тегишли таклифлар киритилгани маълум қилинди.
Шунингдек, давра сухбати доирасида тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танловининг номинациялари бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Танлов якунига кўра, ғолибларни тақдирлаш анъанага айланган бўлиб, бу ходимларни рағбатлантириш йўлида қўйилган яна бир амалий қадамлардан бири ҳисобланади.
Тадбир доирасида Республикамизнинг турли жабҳаларида фаолият юритиб келаётган давлат корхона ва ташкилотлари ўзларининг кўргазмали материаллари билан қатнашиб, мутахассисларнинг эътиборига сазовор бўлдилар.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: