Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг оила аъзолари ўртасида “Спорт — мустаҳкам оиламиз пойдевори” деб номланган Республика спартакиадасини уюштирди.
Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида ташкил этилган мусобақалар кўтаринки кайфиятда ўтди. Қатнашчилар мат устидан умбалоқ ошиб, югуриб келиб корзинага коптокча ташлаш, тўпни уч маротаба дарбозага киритиш, сакроғичда сакраш, қошиқда коптокчани тушириб юбормай манзилига етказиш ва шу каби яна бир неча қизиқарли шартларни бажаришди. Ғалабага юксак интилиш билан бирга чаққон ва фаол иштирок этишди. Айниқса, оилалар ўртасида арқон тортиш шартининг бажарилиши жуда қизиқарли бўлди.
– Спартакиадага бирон-бир ўринни олиш учун келмагандик, – дейди мусобақа иштирокчиси “Қорақалпоғистон сув йўллари” Хўжайли техникалик бўлими Давлат унитар корхонаси вакили Сабира Кулекеева. – Шунга қарамай, ғолиблар қаторидан ўрин эгалладик. Энг асосийси, мусобақалар жараёни бизга бир олам завқ бағишлади.
– Ушбу спартакиада тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилди, – дейди тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ёшлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис, ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Ш.Неъматов. – Шу билан бирга, уларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиб, спорт-соғломлаштириш тадбирлари орқали саломатлигини тиклашга кўмаклашиш мақсад қилинган. Ходимларнинг турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилишдир.
Кескин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда кечган мусобақаларда навоийлик Куллиевлар оиласи “Энг чаққон оила”, сирдарёлик Аюбжоновлар оиласи “Энг фаол оила” ва жиззахлик Норбўтаевлар оиласи “Ғалабага бўлган интилиши юксак оила” каби номинацияларни қўлга киритдилар. Ғолиблар касаба уюшмасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: