Тожикистонлик ҳамкорларнинг Самарқандга ташрифи

Жорий йилнинг 19 май куни Тожикистон Республикаси Транспорт ва йўл хўжалиги касаба уюшмалари Республика Қўмитаси раиси Нуринисо Темуровна Бобоева бошчилигидаги 5 нафардан иборат юқори мартабали меҳмонлар делегациясининг Самарқанд шаҳрига ташрифи амалга оширилди.

Меҳмонларни вилоятнинг Ургут тумани Жартепа қўрғонидаги қўшни Тожикистон Республикаси билан чегара ўтказгич масканида Самарқанд вилоят автомобил йўллари ҳудудий Бош бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят кенгаши раиси ва ходимлари томонидан кутиб олинди.

Ташриф давомида, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қошида ташкил этилган “Касаба Самарқанд” шуъба корхонаси хизматидан фойдаланган ҳолда меҳмонларни салкам 3000 йиллик тарихга эга бўлган ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларига саёҳатлар уюштирилди.

Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур мақбараси, Регистон ансамлидаги Тиллакори, Улуғбек ва Шердор мадрасалари, Шохи Зинда мажмуаси, Ҳожа Дониёр мақбараси, Ҳазрати Хизр масжиди ҳамда Республикамизнинг биринчи Президенти И.Каримов мақбаралари каби қадамжолар зиёрат қилиниб, янгиланаётган Самарқандда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишилди.

Меҳмонларга тушлик ва тантанали кечки овқат ташкил қилиниб, кечки овқат давомида уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари ва Самарқанд шаҳри билан таништирувчи эсдалик совғалари ва китоблар тақдим этилди.

Шунингдек, ташриф давомида меҳмонхонада Тожикистонлик ҳамкасабалар билан ўзаро ҳамкорлик, бугунги кундаги соҳага оид муаммо ва камчиликлар, кейинги йиллар учун истиқболли режалар, меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси, ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича давра суҳбат ўтказилиб, 2021 йил 20 май куни меҳмонларга автоулов ташкил қилиниб, Бухоро вилоятига кузатиб қўйилди.

Print Friendly, PDF & Email