“Ватанга содиқ фарзанд бўлиш барчамизнинг бурчимиз”

Бола ўз ота-онасини қандай суйса, ҳар бир инсон ўз Ватанини ҳам шундай яхши кўради. Ахир, шу юрт уни ўстиради, улғайтиради, баркамол инсон бўлиб етишишига замин яратади. Шу туфайли Ватанни онага қиёслаб “Она Ватаним”, деб атаймиз.

Қарияларимиз дуога қўл очишганда, энг аввало, юрт тинчлигини, Ватан равнақини мустаҳкам қилишни Яратгандан сўрашади. Зеро, юрт тинч бўлса, бизнинг ишимиз унумли, халқимиз фаровон бўлади. Ҳар тун уйқуга кетганимизда юрагимизга хавотир тушунчаси бегона бўлади. Ҳар куни эрталаб эса хушкайфият билан умримизнинг яна бир кунини фаровонлик, яхши ният, ўй-режалар билан бошлаймиз.

Бугунги таҳликали кунда айрим чет мамлакатларда содир бўлаётган террорчиликлар, жаҳолатпараст инсонларнинг қилаётган ишларини кўриб, том маънода инсон жирканади. Нега ёшлар бугун кенг синфхоналарда илм олиш, ўқиш ўрнига кўз ёш тўкиб, бугун омон қолармиканман, деб ҳадиксираб туриши керак, нега? Уларнинг айби нима, ахир улар бегуноҳ-ку?! Баъзан уларнинг айтадиган гапларини эшитиб раҳмингиз келади. Болаларни бундай ёвузликларга дучор қилган кимсалар инсоний қиёфасини буткул йўқотгани шубҳасиздир. Одамзодга шундай ёвузликлар қила туриб яна дину диёнатдан лоф урадилар, ўзларига ниқоб қилмоқчи бўладилар.

Шукрлар бўлсинки, бизнинг юртимиз тинч ва осуда. Биз шундай бетакрор юртда яшаётганлигимиздан фахрланамиз. Бугунги кунда юртимизда ҳар бир соҳада ишлаётган инсонларга, ёшларга шарт-шароитлар яратиб берилган. Фақат бундан унумли ва оқилона фойдалансаккина юртимиз байроғи янада баланд кўтарилишига хизмат қилган бўламиз.

Дарҳақиқат, айни кунларда юртимизни спорт, маданият ва фан йўналишлари орқали дунёга танитаётган ёшлар жуда ҳам кўп. Хуллас, ҳар бир ёш ўз ютуқлари орқали Ватанимиз ривожи учун бор билим ва маҳоратини кўрсатиб, муваффақиятларни қўлга киритмоқда, юртимиздаги ютуқлар сонини кўпайтирмоқда.

Шундай экан, ҳар бир инсон кун якунида: “Мен ҳаёт, нон-туз берган ВАТАН учун нима қилдим?” дея ўз-ўзига савол берса, Ўзбекистонимиз келажаги учун меҳнат қилаётганлар сони янада кўпаяди.

Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Самарқанд вилоят бирлашган касаба уюшма қўмитаси тизимига кирувчи Пастдарғом автомобил ва йўллар касб ҳунар коллежида “Ватанга содиқ фарзанд бўлиш барчамизнинг бурчимиз” шиори остида ўтказилган маданий-маърифий тадбирда коллежнинг 55 нафар касаба уюшма аъзолари ҳамда 154 нафар талаба ёшлари иштирок этишди.

            Тадбир давомида ёшлар томонидан ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар куйланиб, саҳна кўринишлари ижро этилди.

Тадбир сўнгида фаол иштирокчилар эсталик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

 

Print Friendly, PDF & Email