Янги ташкилотда ходимлар учун барча шароитлар мавжуд

Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси тизимидаги “Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси вилоятдаги автойўл бошқармаси тизимида кенжа ташкилотлардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги ПҚ-27276-сонли “Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги республика йўл жамғармаси фаолиятларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ночор аҳволга тушиб қолган, 1952 йилда ташкил этилган собиқ 2522-автожамланма давлат унитар корхонаси негизида 2018 йил апрел ойидан фаолиятини бошлаган автойўл ташкилоти унинг раҳбари А.Р.Ҳасанов бошчилигида ташкил этилган кундан бугунга қадар корхонанинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, ишчи ва ходимлар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган.

Хусусан, корхонанинг барча бино ва иншоотлари тўлиқ таъмирланди, янги техникалар харид қилинди, ишчи хизматчилар учун янги ошхона қуриб ишга туширилди, ходимлар ихтиёрига дам олиш хоналари, спорт зали, теннис корти, ювиниш хоналари, сауна, қўшимча ҳожатхоналар ишга туширилиб, кутубхона иши йўлга қўйилди.

Корхонада иш берувчи ва касаба уюшмаси ҳамкорлигида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, меҳнат муҳофазаси, уларнинг ижтимоий ва моддий масалаларини ҳал этувчи бир нечта ишчи комиссиялар ташкил этилиб, барча муаммолар шу жумладан ходимларга ойлик ва қўшимча маошлар ҳамда мукофотлар тўланиши ва бошқа масалалар ушбу комиссиялар иштирокида ҳал қилиниб келинмоқда.

Жорий йилнинг 6 март куни корхона касаба уюшма қўмитасининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди. Унда 2018 йилдан 2020 бўлган даврда жамоа шартномаси орқали амалга оширилган ишлар бажарилиши бўйича ҳисоботлар берилди.

Ҳисобот-сайлов йиғилишида “Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси директори Ҳасанов Алишер Ризаевич, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири ўринбосари Юсупов Эркинжон Эргашалиевич, тармоқ касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси раиси Иззатуллаев Сирожиддин Неъматович, 145 нафар ишчи ва ходимлар иштирок этди.

Айтиш керакки, бугунги кунда “Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонасида 190 нафар касаба уюшмаси аъзоси фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан, 10 нафарини хотин-қизлар ва 41 нафарини 35 ёшгача бўлган ёш ишчи-ходимлар ташкил этади. “Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси ва иш берувчи ўртасида меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тузилган жамоа шартномаси том маънода корхонада меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солиб турувчи локал ҳужжатга айланган. Хусусан, корхонада сўнгги йилларда ишчи-ходимларни турмуш шароитини яхшилаш ва иш фаолияти давомида қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоа шартномаси орқали берилаётган имтиёз ва кафолатлар миқёси ортиб бормоқда ва бу амалда бажариб келинмоқда.

Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан жамоа шартномасида белгиланган ҳар бир банднинг бажарилишига жиддий аҳамият берилилиб келинмоқда. Йиғилиш давомида музокараларда сўзга чиққан корхона раҳбари ва касаба уюшма қўмитаси раиси жамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан аъзолар олдида ҳисобот бердилар.

Хусусан, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Я.Файзиев ўз маърузасида сўнгги йилларда ишчи ва хизматчиларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий йўналишларда олиб борилаётган ишлар мазмунан ва шаклан такомиллаштирилганлигини ва бу  жараён давом этаётганлигини, меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар, ёшлар, болаларни манзилли қўллаб-қувватлаш таъминланганлигини, шу билан бирга, меҳнакашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш, туризмни йўлга қўйиш йўналишларида иш берувчи билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, йиғилиш иштирокчилари жамоа шартноманинг 2019 йилда бажарилишини қониқарли деб топишди ҳамда корхонанинг 2020-2020 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасини маъқуллаб, бир овоздан қабул қилишди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири ўринбосари Э.Э.Юсупов ва тармоқ касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси раиси С.Иззатуллаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаати ҳақида ва давлатимиз томонидан хотин-қизлар ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида нутқ сўзлашди.

Шунингдек, йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала корхона касаба уюшмаси раислигига қўйилган икки нафар номзодлар орасидан иштирокчиларнинг овоз бериш ҳуқуқи орқали сайлов ўтказиш бўлди. Сайлов натижаларига кўра кўпчилик овоз билан Я.Файзиев номзоди муносиб деб топилди ва келгуси беш йилга қайта сайланди.

Ҳисобот-сайловда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Print Friendly, PDF & Email