Мактабларда ўқув йили тугаб, ўқувчилар ёзги таътилга йўл олишди. Таътилда кимдир оромгоҳларда ҳордиқ чиқарса, кимдир ўқув марказларда тил ўрганади, яна кимлардир эса қариндош, бобо-бувилариникида дам олишади. Янги дўстлар орттиради, билим ва кўникмасини оширади. Айниқса, бундай завқли онларни дам олиш масканларида ўтказишса, болалар бундай манзаралардан роҳатланишини, у ердаги шароитларни кўриб яна беғубор болаликка қайтишни орзу қилишади.
Ёзги оромгоҳлар одатда шаҳар чеккасида, экологик тоза ҳудудларда жойлашгани болалар саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Бу муассасалар дам олиш маскани вазифасини ўтасада, у ерда ўтказиладиган тадбирлар, таълим-тарбия жараёнлари ёш авлоднинг дунёқарашини бойитишга, ижодий қобилиятларини шакллантиришга, уларни ҳар томонлама камол топишига кўмаклашувчи тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, болажонлар кун тартибига риоя қилиши билан бирга бошқа болалар билан дўстлашиши, яъни ижтимоийлашув кўникмаларини ривожлантира олиши мумкин.
Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига қарашли Тошкент вилояти, Ангрен шахрида жойлашган “Йўлчи” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 2023 йил 10 июндан ёзги мавсум учун ўз фаолиятини бошлади ва ёз мавсуми давомида 3 босқичда жами 750 нафар болажонларни қабул қилиш имкониятига эга. Жазирама иссиқ тафтидан сақланиш учун 1 мавсумда оромгоҳга 240 нафар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ташриф буюришган. Мавсумга футбол майдони, валейбол, баскетбол майдончалари ва сузиш ҳавзаси шай ҳолатга келтирилган. Дам олувчилар сузишни, шўнғишни, мусиқа асбобларида чалишни ўрганишмоқда. Болажонларга педагог, тарбиячи ва жисмоний тарбия бўлими устозлари доимий ғамхўрлик қилишади.
Болажонларга 5 маҳал овқатланиш ташкил этилган. Маззали, витаминларга бой овқатларни 10 нафар малакали ошпаз ва қандолатчилар дам олувчиларга тортиқ этишади.
Ангрен шаҳар санитария эпидемиологик фаровонлик ва аҳоли саломатлиги бўлимининг юқумли касалликлар ва бактериология бўлими мутахассислари ичимлик суви сифати, сузиш ҳавзаси ҳолати, ошхона ва ётоқхоналарни санитария ва гигиеник меъёрий ҳолатларини назорат қилиб боришади. Оромгоҳда касаллик тарқалишини олдини олиш учун дезинфекция, ювиш воситалари ва бир марталик ниқоб захиралари етарлича.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: