Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимизда август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” сифатида нишонланиб келинади.
Шу муносабат билан Бухоро туманидаги “Мўъжиза” тантаналар саройида вилоятдаги қурилиш соҳаси ходимларига аталган байрам тантанаси ташкил этилди. Тадбирга уста бинокорлар, меъмор ва лойиҳачилар, пудратчи ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, соҳа илғорлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.
Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўнгги йилларда вилоятимизда бунёд этилган бино ва иншоотларнинг барчаси юртимизда қурилиш саноатини изчил ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маҳсули эканлигини, давлатимиз раҳбари томонидан қурувчиларнинг меҳнати юксак баҳоланиб, соҳа ходимлари кунининг расман белгилаб қўйилиши Ватанимиз равнақи йўлида янада кўпроқ ишлаш ва изланишга рағбат уйғотиши кераклигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, ҳозирги кунда мамлакатимиз бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан том маънода улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланди. Бошқа жабҳалар қаторида қурилиш тармоғи ҳам жадал ривожланди, соҳага янги технология ва инновациялар, энг замонавий меъморий ечимлар фаол кириб келди. Буни ўтган етти йил давомида вилоятимизда қурилиш ишлари ҳажми бир неча баробар ортиб, 2016 йилдаги 2,8 трлн сўм ўрнига 2022 йилда 8,4 трлн сўмга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 4,7 трлн сўмга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 120 та дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллаларда йўл ва транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганини таъкидлаш лозим.
Хусусан, шу йилнинг ўзида Ғиждувон ва Қоракўл туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳамда уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 2,3 минг квартирага эга 87 та уй-жойлар барпо этилаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бундан ташқари, турли дастурлар доирасида 28 та таълим, 6 та соғликни сақлаш, 5 та спорт ҳамда 25 та бошқа ижтимоий объектларда улкан бунёдкорлик ишлари кетмоқда.
— Ҳали вилоятимизда қурилиш соҳасида амалга ошириладиган ишларимиз жуда ҳам кўп. Айни пайтда замон, ислоҳотларимизнинг ўзи барча жабҳалар қатори ушбу соҳада ҳам янги, янада долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда. Хусусан, қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, сифат ва самарадорликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, – деди Ботир Зарипов табрик давомида.
Тадбирда кўп йиллик самарали меҳнати, туман ва шаҳарларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, қурилиш индустрияси ва миллий меъморчиликни ривожлантириш, тизимга илғор технологияларни жорий этиш, замонавий бино ва иншоотларни барпо этиш, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш борасидаги катта хизматлари ҳамда мамлакатимизнинг қурилиш соҳасини равнақ топтиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ соҳа вакиллари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Вилоятимиз санъат усталари томонидан намойиш этилган концерт дастури байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: