Саломатлик — сари

29 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Саломатлик сари” республика оммавий югуриш тадбири ўтказилди. Ҳақиқий спорт байрами тусини олган мазкур оммавий югуриш тадбирларида тармоқнинг 1000 дан ортиқ  ишчи-ходимлари ва ёшлари иштирок этдилар.

Аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, оилаларда ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, бу орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашдир тадбирнинг асосий мақсади этиб белгиланди.

Қизғин ва дўстона беллашувлар остида ўтган оммавий югуриш тадбирига турли соҳа ходимлари, уларнинг оила аъзолари, эл ардоқлаган таниқли санъаткорлар, кино ва театр актёрлари, аҳоли вакиллари, маҳалла фаоллари, фахрийлар ҳамда ёшлар иштирок этдилар. Марафон иштирокчилари  ёш бўйича тоифаларга бўлиниб беллашдилар..

Мусобақа иштирокчиларининг ҳаракатланиши давомида марафон масофаси оралиғида таниқли спортчилар, санъаткорлар, ёш ижрочилар ва бадиий ҳаваскорлик дасталари, маданият ходимлари иштирокида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган маданий тадбирлар ҳам уюштирилди.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати – барча иштирокчилар соғлом рақобат муҳитида  эпчиллик ва чаққонлик бўйича ўз маҳоратларини кўрсатибгина қолмай, турли соҳа ходимлари билан дўстлик ришталарини боғлаш, касб йўналишлари бўйича тажриба алмашиш, ўз меҳнат жамоаларида спортнинг оммавийлигини янада ошириш борасида фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Хоразм вилоятида ўтказилган марафонда  тармоқ корхона ва ташкилотларидан 100 нафар, Андижон вилоятида 30 нафар қатнашчи иштирок  этишди. 45 ва ундан юқори ёш тоифасида хотин қизлар бахсида “Хоразм троллейбус бошқармаси” корхонаси ходимлар бўлими мутахассиси Алланазарова Аноргул 2-ўринни эгаллаган бўлса, Андижон вилояти ташкилотлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Назокат Қўзибоева ушбу номинацияда  фахрли 3-ўринни эгаллаб  диплом ва қимматбахо совға билан тақдирландилар.

 

Print Friendly, PDF & Email