Юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрибди. Халқимиз гўзал баҳор айёмини зўр хурсандчилик билан нишонламоқда. Корхона, ташкилот, муассасаларда, маҳаллаларда шу муносабат билан кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоят Қурилиш бош бошқармасида ҳам кўклам айёмига бағишлаб мини-футбол бўйича турнир ўтказилди.
Мусобақада 16 та жамоа иштирок этди. Улар ўртасида икки кун давомида бош бошқарма бошлиғининг кубоги учун қизғин кураш борди. Баҳслар Наманган шаҳридаги мини-стадионлардан бирида ташкил этилди.
Жамоалар дастлаб қуръа ташлаш йўли билан жуфтликларга ажратилди. Саралаш босқичида ғолиб чиққанлар беллашувларни давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Мағлуб бўлганлар эса ўз-ўзидан сафдан чиқдилар. Бунда Наманган шаҳар қурилиш бўлимининг 1-жамоаси совринга асосий даъвогар эканлигини кўрсатди. Вилоят маркази вакиллари дастлаб 4:2 ҳисобида Бош бошқарма қошидаги ДУК (давлат унитар корхонаси)дан устун келдилар. Янгиқўрғон туман қурилиш бўлими спортчилари эса йирик ҳисобда (4:1) мағлуб этилди.
Турнирга пухта тайёргарлик кўрганлар сирасига Мингбулоқ туман қурилиш бўлими жамоаси аъзоларини ҳам киритиш мумкин. Улар биринчи ўйинда норинлик ҳамкасблари устидан ғалаба қозондилар — (7:2). Кейин эса бош бошқарма жамоаси ҳам мағлубиятни тан олди, — (5:1).
Тўғри, Чортоқ ва Косонсой туман қурилиш бўлимлари ҳаваскор футболчилар ҳам ярим финалга чиқдилар. Бироқ улар мазкур босқичда имкониятларни бой бердилар. Лекин учрашувлар муросасиз кураш остида ўтганлиги билан эсда қолди.
Масалан, Наманган шаҳар қурилиш бўлими 1-жамоасининг косонсойликлар билан кечган баҳсини олайлик. Бу ўйиннинг биринчи тайми деярли тенг кураш остида ўтди. Вилоят маркази вакиллари Мирзоҳид Холиқов киритган ягона тўп ҳисобига олдинга чиқдилар — 1:0. Аммо иккинчи таймда косонсойликларнинг ўйини қовушмай қолди. М. Холиқовнинг ўзи яна иккита тўп уриб, ҳисобни 3:0 га етказди. Якуний нуқта эса Жобир Холмирзаев томонидан қўйилди — 4:0.
Мингбулоқ ва Чортоқ туман қурилиш бўлимлари жамоалари ўртасидаги учрашув ҳам голларга бой бўлди. Дарвозалар жами ўн марта ишғол этилди. Чортоқликлар олти марта ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур бўлдилар, мингбулоқликлар эса тўрт бор.
Шундай қилиб, финалда Наманган шаҳар ва Мингбулоқ туман қурилиш бўлимлари футболчилари тўқнаш келдилар. Ўйин кескин ва қизиқарли лаҳзалар, шиддатли ҳужумлар билан томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Учрашувнинг асосий қисми мингбулоқликларнинг устунлигида ўтди. Улар сўнгги дақиқаларгача 4:1 ҳисобида олдинда бордилар. Бироқ пировардида ўйин тизгинини қўлга олган рақиб кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштириб, ютуқни илиб кетди. 5:4 — Наманган шаҳар қурилиш бўлимининг 1-жамоаси бош бошқарма бошлиғининг кубогини қўлга киритди.
Учинчи ўрин учун бўлган баҳсда эса чортоқликлар косонсойликларни 5:1 ҳисобида мағлуб этишди.
Мусобақа якунлангандан сўнг турнирнинг ёпилиш маросими бўлди. Вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Ниязов ғолиб жамоага кубок ва замонавий компьютер жамланмасидан иборат махсус мукофотни топширди. Совриндор жамоалар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
— Футболчиларимиз турнирда ғолиб чиққанлигидан ниҳоятда мамнунмиз, — дейди Наманган шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Илҳомжон Исомиддинов. — Бизда соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, спорт билан дўстлашган ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, “миллионлар ўйини” — футбол оммалашган. Мирзоҳид Холиқов, Ҳумоюн Усмонов, Раҳматулла Абдуҳафизов каби спортчиларимиз доимий машқлар асносида ўз маҳоратларини ошириб бормоқдалар.
Мини-футбол бўйича турнир Қурилиш бош бошқармаси ва тизимдаги ташкилотларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга яна бир туртки бўлади, деб ўйлаймиз.
Вилоят Қурилиш бош
бошқармаси матбуот хизмати.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: