2016 йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг II – Республика Форуми ўтказилди. Мазкур Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – бошланғич касаба уюшма ташкилотлари иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш, касаба уюшма фаолларининг интелектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, бошланғич ташкилотлар олдида турган долзарб вазифалар ва истиқболли режаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича етакчиларнинг ўзаро тажриба алмашишини таъминлашдан иборатдир.
Унда тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари, турли тармоқ корхона, ташкилот ва муассасаларининг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари ҳамда фаоллар иштирок этдилар.
Бугунги кунда мамлакатмиздаги корхона, ташкилот ва муассасаларда 37 минг 457 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Улар 6 млн. 200 минг нафардан зиёд касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг корхона, ташкилот ва муассасалар ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ва ролини ошириш соҳасида амалга оширилган тизимли ишлар бугун ўз ижобий самарасини бермоқда.
Шу мақсадда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида намунавий Низом” ишлаб чиқилиб, Федерация Кенгаши Раёсатида тасдиқланди. 2011 йилдан бошлаб ҳудудлардаги касаба уюшма ташкилотларига мажмуавий амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилди. Шунингдек, республика миқёсида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови йўлга қўйилди. Бошланғич ташкилотлар фаолиятига эътиборни янада кучайтириш мақсадида ҳудудларда барча тармоқ касаба уюшмалари фаолиятини намунали йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар бугун ижобий самара бермоқда.
Касаба уюшмалари тизимини модернизация қилиш борасида амалга оширилган салмоқли ишлар натижасида бошланғич ташкилотларнинг молиявий имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Бу ўз навбатида касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, нафақат ходимлар, балки уларнинг яқин-қариндошларини санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш имконини берди. Хусусан, касаба уюшма аъзолари учун аввалгидек 5 йилда 1 маротаба эмас, балки ҳар 2 йилда 1 марта тизимдаги санаторийларга имтиёзли йўлланма олиш имтиёзи берилди. Йўлланма нархининг ходим томонидан тўланадиган миқдори 50 фоиздан 45 фоизга туширилди. Эндиликда касаба уюшма бюджети ҳисобидан ажратилган йўлланмалардан меҳнаткашларнинг яқин қариндошлари – ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари эҳтиёжи учун фойдаланиш имконияти яратилди.
2013 йил март ойида илк бора ўтказилган бошланғич ташкилотлар етакчиларининг I Республика Форумида тасдиқланиб, амалга оширилган «Бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш дастури» бошланғич касаба уюшма ташкилотларнинг иш берувчилар билан ижтимоий шериклигини кучайтиришда муҳим омил бўлди. Натижада касаба уюшма аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олиниши кўрсаткичи 2013-2015 йиллар давомида 3,0 фоизга ортиб, 99,3 фоизни ташкил қилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномаларининг сони 2013 йилдаги 97,5 мингтадан бугунга келиб 122 мингтага кўпайди. Касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ бугунги кунда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари тузилишига эришиш, бу орқали ҳар бир ходимнинг ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиниши, ходимлар олдида иш берувчилар ва касаба уюшма ташкилотлари вакилларининг жамоа шартномалари бажарилиши тўғрисида ҳисобот бериб боришларини таъминлаш масалалари устувор вазифалар қаторидан ўрин олди.
Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлар мазмун моҳиятининг бойитилиши нафақат ходимлар, балки, улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини ҳам кучайтирди. Хусусан, ушбу локаль ҳужжатларга хотин-қизлар ва ёшлар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлим ва бандлар киритилиб, улар учун имтиёзлар кўлами кенгайтирилди. Натижада хотин-қизлар учун қўшимча таътиллардан фойдаланиш, ёш оилалар учун фоизсиз ссудалар бериш, ёш болалари оналарга моддий ёрдамлар кўрсатиш, ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилди.
Тизимда олиб борилган амалий ишлар натижасида Жамоа шартномаларининг сифати ва натижадорлиги ошиб, 2013 йилда уларда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ўрта ҳисобда бир ходимга 1 млн. 115 минг сўм сарфланган бўлса, 2015 йилга келиб 1 млн. 539,6 минг сўмдан 7 млн. сўмгачага маблағ сарфланишига эришилди. Амалдаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2014-2015 йилларда 267 минг нафардан ортиқ фуқаро ва 246 мингга яқин оилага 253,2 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак берилди. Ижтимоий ҳимояталаб шахсларни ишга жойлаштириш масаласи бошланғич ташкилотлар назоратига олиниб, 2013-2015 йиллар мобайнида мазур тоифадагилар учун квоталанган иш ўринларига 218 минг 857 нафар фуқаро ишга жойлаштирилишига кўмаклашилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида бошланғич ташкилотларнинг асосий эътибори ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилиб, 2015 йилда жамоа шартномаларига меҳнат муҳофазаси бўйича киритилган чора-тадбирлар сони 560 мингтани ташкил қилгани ҳолда уларнинг 96,5 фоизи бажарилишига эришилди. Бунинг натижасида корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ҳолатларигнинг олди олинмоқда. Касаба уюшмалари ходимларнинг хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари билан таъминланиши баробарида иш жойларида маиший ва дам олиш шароитларининг яратилиши, профилактик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши борасида ҳам жамоатчилик назоратини олиб бормоқдалар.
Меҳнат жамоаларида ходимларда яхши кайфиятни таъминлаш мақсадида ҳозирда 19 мингдан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасалардаги қарор қабул қилувчи органлар таркибига бошланғич ташкилотлар вакиллари киритилиб, улар ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда фаол иштирок этиб келмоқдалар. Чунки кучли ижтимоий ҳимоя ва меҳнаткашлар кайфияти корхонанинг унумдорлиги юқори бўлишида муҳим аҳамиятга эгадир.
Маданий-маърифий ва спорт тадбирларини тизимли равишда ташкил этиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида ходимлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, ходимлар спортини ривожлантириш, ишдан ажралмаган ҳолда саломатлик гимнастикаси ўтказилишини таъминлаш ишлари ташкил этилди. Бу орқали соғлом турмуш тарзи тарғиботи билан бирга ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшилмоқда.
Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг II – Республика Форумида мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил этилиб, бу борада илғор ва намунали тажрибага эга бўлган касаба уюшма қўмиталари фаолиятига оид тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, “Янги-Ангрен иссиқлик электр станцияси” АЖ, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент бирлашган техника мактаби бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси соҳасидаги ижобий иш тажрибалари юзасидан тақдимотлар намойиш этилди.
Шундан сўнг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари учун амалий машғулотлар ўтказилди. Федерация Кенгаши мутахассислари модераторлигида касаба уюшмалари фаолиятининг барча устувор йўналишлари бўйича ташкил этилган сессия машғулотларида уларнинг бошланғич ташкилотларни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ҳимоя функцияларини амалга ошириш, ходимлар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнат муносабатларини ижтимоий шериклик асосида тартибга солиш йўналишларига оид билимлари янада мустаҳкаланиши билан бирга, ижобий иш тажрибалари билан ҳам танишдилар. Шунингдек, бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича 2016-2017 йилларга мўлжалланган дастур лойиҳаси муҳокама этилди.
Якуний ялпи йиғилишда эса муҳокамалар якуни юзасидан таклифлар билан танишилди. Форум дастури доирасида иштирокчиларга Республика касаба уюшмалари ҳаракатида бошланғич ташкилотларнинг тутган ўрни ва ролини ошириш борасида тегишли тавсия ва йўриқлар берилди.
Форум якунига кўра Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича дастур ҳамда Форум резолюцияси қабул қилинди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: