Бунёдкорлар фикрлашиб олишди

IX–Халқаро Евроосиё архитектура-қурилиш ва дизайн мактаблари фестивали иштирокчилари Самарқанд темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди.

Архитектура уюшмаси ва Турк дунёси муҳандислари ҳамда дунёнинг 35 та давлати вакиллари иштирокидаги фестивал  тадбирлари  “Ёшлар маркази” мажмуасида тантанали равишда очилди. Соҳанинг етук мутахассислари, олимлар, Сам ДАҚИ мутахассислари иштирок этган фестивални Самарқанд шаҳар ҳокими  Б.Облақулов  очди.

Шундан сўнг, Туркия атроф-муҳит ва шаҳарсозлик  вазири ўринбосари Мучахит Демирташ турк дунёси архитектураси, бунёдкорлик бобидаги қарашларни умумлаштира оладиган мазкур фестивал аҳамиятига  эътибор қаратди.

— Дунё ўзгараяпди. Инсоният тамаддуни маҳсули бўлган бунёдкорликдаги ҳамкорлик, қурилиш, яратишдаги шарқона услуб бугун олам узра эътироф этилмоқда, — деди фестивалда сўз олган Турк дунёси архитекторлари ва муҳандислар уюшмаси бош котиби Ильяс Демирчи Сакарья. – Ана шундай бир шароитда архитектура ва қурилиш соҳасидаги изланишларни умумлаштиришимиз лозимдир. Фестивал доирасидаги  Тошкент, Самарқанд ва Бухоро учрашувларида қимматли маслаҳатлар ўртага ташланмоқда.

Шаҳар ва қишлоқларда ўзига хос дизайн, услуб, шарқ ва европа меъморчилигининг уйғунлашган силсилалари асосида иншоатлар бароп этилмоқда. Мавзуга доир намойиш этилган видеороликда ана шу изланишлар  ифода этилди.

— Қозоғистон архитектура ва қурилиш институти академияси, Озарбайжон архитектура қурилиш университети, Бишкек шаҳридаги Ҳалқаро инновация технологиялари университети, Қирғизистон далат қурилиш, транспорт ва архитектура университетилари билан қўшма шартномалар имзоланди, — дейди Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти катта ўқитувчиси Абдурахмон Ахунжонов. – Эндиликда институтимиз талабалари, профессор-ўқитувчилари ҳамда илмий ходимлари мазкур олийгоҳларда қўшма дастурлар орқали таълим олишига ва малака оширишларига кенг имкониятлар яратилди. Бундан ташқари мазкур олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчиларининг СамДАҚИнинг талабаларига дарслар ўтиши ва мастер класслар ташкил этилиши хусусида ҳам келишиб олдик.

Меҳмонлар  Самарқанд шаҳридаги тарихий маданий меърос объектлари, шу жумладан Гўри-Амир мақбараси, Биби-Хоним масжиди, Шохи-Зинда комплекси, Улуғбек обсерваториялари билан танишдилар.

Print Friendly, PDF & Email