2019 йил 28 март куни Самарқанд давлат Архитектура ва қурилиш институтида маъмурият ҳамда ходимлар ва талабалар касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2016-2018 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2018 йилдаги ижроси ҳамда 2019-2021 йиллар учун жамоа шартномасини қабул қилиш Конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири Ҳ.Р.Премқулов, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари А.Х.Қодиров ҳамда Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси раиси С.Н.Иззатуллаевлар иштирок этишди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан дастлаб, иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ҳисоботлари ҳамда текшириб борувчи комиссиянинг жамоа шартномаси ижроси бўйича далолатномаси тингланди.
Ҳисоботларда институтда ижтимоий шериклик асосида иш берувчи ва касаба уюшмаси ташкилоти ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, мамлакатда барча соҳаларда ўтказилаётган ислоҳотларни амалга ошириш борасида чуқур ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда иш юритилаётганлиги эътироф этилди. Бугунги кунда касаба уюшмаси ўз ўрнига эга бўлган нуфузли жамоат ташкилотларидан бири эканлиги эътироф этилиб, жамоада ижтимоий адолатни қарор топтириш, ижтимоий мадад ва рағбатлантиришлар ҳақиқатда ҳам эҳтиёжманд, юқори ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига берилишини таъминлашга салмоқли ҳиссасини қўшаётганлиги таъкидланди.
Бунга мисол тариқасида, жамоа шартномасига асосан 2018 йил давомида ходимларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида махсус рағбатлантириш фонди ҳисобидан 505 нафар ходимлар рағбатлантириб, уларга 200 000 минг сўмдан ортиқ маблағ сарфланган, ҳар бир ходимнинг меҳнатга қўшган ҳиссасини эътиборга олган ҳолда байрамлар муносабати билан касаба уюшмалари томонидан 10049,0 минг мукофот пуллари берилган, докторлик диссертациясини ҳимоя қилган ва ўқув жараёнига татбиқ қилинган монография, ўқув қўлланмаси, дарсликларни нашрдан чиқарган 5 нафар ходимларга 1-5 минимал иш ҳақи миқдорида мукофот пуллари тўланган, касаба уюшма қўмитаси тавсияси билан қаровчиси йўқ, ёрдамга муҳтож, ёши 55 дан ошган 10 нафар ходимларга 1-3 минимал иш ҳақи миқдорида моддий ёрдам кўрсатилиб, уларга 4040 минг сўм маблағ сарфланган, ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра вафот этганда иш берувчи томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 2 нафар ходимнинг оиласига 1 377, 9 минг сўм микдорида моддий ёрдам кўрсатилган. Йил давомида 27 нафар ходимга соғликларини тиклаш учун имтиёзли санаторий йўлланмалари берилган.
Ҳозирги кунда институтда 840 нафар ходимлар фаолият кўрсатади, шундан 312 нафари хотин-қизлар, жами талабалар 5016 нафарни, улардан 1200 нафари қизларни ташкил этади.Институтда ходимларнинг соғлигини мунтазам назорат қилиб бориш йўлга қўйилиб, Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сонли буйруғи билан белгиланган тартибда дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти — вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилишини ходимларни чиқимдор қилмаган ҳолда ташкил қилиниши таъминланган ва маблағлар иш берувчи томонидан кўчириб берилган.
Жамоа шартномасига асосан институтнинг иқтидорли ёш олимлари етакчи хорижий илмий марказларга малака ошириш учун юборилган. Институтнинг ёш олим ва ходимлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган кўрик танловларда фаол иштирок этиб келиб, “Энг фаол ёш қурувчи” кўрик танловида иштирок этган С.Содикова Республика босқичида 1-ўринни, “Мехнат мухофазаси бўйича ёш мутахассис” кўрик танловининг Республика босқичида институт меҳнат муҳофазаси мухандии Б.Турсунов 1-ўринни эгаллаган.
Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлар яратилган, бу соҳада меҳнат муҳофазаси вакили ва комиссиянинг доимий фаолият кўрсатиши самараси ўлароқ, 2018 йил давомида бахтсиз ҳодисалар рўй бермаган.
Меҳнат кодексининг 217-моддасига кўра махсус кийим, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланиш ҳуқуқини берадиган ишларда ишловчи ходимларни рўйхатига мувофиқ, белгиланган муддатларда махсус кийим ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиб келиниб, уларга 2100 минг сўм сарфланган. Иш жараёнида зарарсизлантириш воситаларидан фойдаланилганлиги учун фаррошларга 10 фоиз миқдорда компенсация тўловлари тўланиб келинган.
Шуни таъкидлаш лозимки, жамоа шартномалари орқали институтда таълим олаётган талабалар учун ҳам алоҳида имтиёзлар белгилан ҳолда тадбирлар амалга оширилиб келинган. Жумладан, 2018 йил давомида 11 нафар чин етим, ногирон, кам таъминланган иқтидорли талабаларга Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш хақининг бир баравари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган, 9 нафар иқтидорли талабалар давлат стипендияларига тавсия қилинган, талабалар уйида яшашга муҳтож бўлган ногирон, етим, чин етим, кам таъминланган ҳамда кўп болали оилалар фарзанди бўлган 7 нафар талабаларга имтиёзли равишда бепул талабалар уйидан жой ажратилган, республика ва ҳалқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 11 нафар талаба спортчиларни моддий-маънавий ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилган, шунингдек Республикада ўтказилаётган инновацион ярмаркалар ҳамда турли илмий танловларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритган 45 нафар иқтидорли талабалар моддий рағбатлантирилиб борилган.
Хуллас, 2018 йил якунига кўра, институтда жамоа шартномаси тадбирлари бажарилиши учун ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ 4680,5 минг сўмни ташкил этган. Конференция делегатлари жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши бўйича амалга оширилган ишларни қониқарли деб топди.
Кун тартибидаги 2019-2021 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасини қабул қилиш масаласи музокара ва мулоҳазаларга бой тарзда давом этиб, Конференция иштирокчилари томонидан берилган аниқ таклифлар билан тўлдирилган ҳолда қабул қилинишига эришилди. Қизғин савол ва мунозараларга бой ўтган Конференция якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири Ҳ.Р.Премқулов сўз олиб, жамоа шартномасининг самарали бажарилиши юзасидан таклифлар билан фикр билдирди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: