Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси тизимидаги меҳнат жамоаларида Маънавият соатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, Бош Қомусимиз мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқларимиз, бугунги осойишта ҳаётимиз ва буюк истиқболимизнинг муҳим асоси эканлиги эътироф этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири тармоқ тизимидаги “Самарқандтранс Маркази”да бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан “Самарқандтранс Маркази” Бош директори И.Х.Хамраев, тармоқ касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси С.Иззатуллаев ҳамда вилоят транспорт соҳасининг бир қатор фахрийлари томонидан асосий Қонунимиз – мамлакатимиз Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари кафолатланганлиги, бу борада юртимизда олиб борилаётган тизимли ишлар эътироф этилди. Бош Қомусимиз қонун устуворлиги ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам таянчи эканлиги ҳақида кенг тушунча берилди. Хусусан, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш барча жабҳалардаги ислоҳотлар жараёнида яққол намоён бўлаётгани таъкидланиб, муҳими, бугунги кунда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотлар негизидан, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари устуворлиги ўрин эгаллаганлиги, бу борада соҳадаги муайян ютуқлар тўғрисида айтиб ўтилди.
Тадбирда соҳанинг 100дан ортиқ автокорхона, хусусий ташувчи ташкилотлар вакиллари ҳамда меҳнат фахрийлари иштирок этишди.
Тадбир сўнгида меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатган автокорхоналар, ходимлар ва меҳнат фахрийлари вилоят ҳокимлиги, тармоқ касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси ва “Самарқандтранс Маркази”нинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: