СПОРТ – КУЧ, ҚУДРАТ ПОҒОНАСИДИР

    Юртбошимиз томонидан ўтгазилган видео селекторда ўртага қўйилган масалалар, мухокама этилган мавзулар, Президентимиз томонидан берилган топшириқ ва ташаббуслари юзасидан Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасида соҳа ходимлари, шаҳар ва туман бўлим раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда сўз олган бошқарма бошлиғи Т. Қораев туризм ва спорт соҳаларидаги долзарб вазифалар, туристик масканлар ва объектларни кўпайтириш, ушбу жойлардаги йўлларга алоҳида эътибор қаратиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, туман марказлари ва шаҳарларда “Саломатлик йўлаклари” барпо этиш, ҳар бир шаҳар ва туманлардаги унитар корхоналарда ҳар куни тонгги бадантарбияни йўлга қўйиш, ходимлар ва раҳбарларни велосипеддан фойдаланишга жалб этиш бўйича бир қатор вазифалар белгиланди. Спорт — соғлик гаровидир. Ушбу шиорга амал қилган Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ва унинг тасарруфидаги туман йўл қурилиш ташкилотлари ходимлари тонгни бадантарбия билан бошламоқдалар. Меҳнат олдидан олиб борилган бадантарбия барчага кўтаринки руҳ бағишламоқда.

  Спорт – энг қудратли давлатларни ўша даражага олиб чиққан поғонадир. Спорт билан шуғулланиш нафақат соғлигимизга, балки ақлий фаолиятимизнинг ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Шу мақсадда Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ва унинг тасарруфидаги шаҳар ва туман бўлимларида спортга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда  ўтказилган футбол мусобақаларида Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасининг терма жамоаси ҳам фаол иштирок этди. Унда “Ҳудудгаз”Андижон МЧЖ ва Андижон авто йўл бошқармаси жамоалари ўртасида бўлиб ўтган беллашувда, Авто йўл 2 : 0 ҳисобда мағлубиятга учраганига қарамай Андижон вилоят телерадиокомпанияси билан бўлиб ўтган ўйинда ғалабани қўлга киритди.

Меҳнатдан қочмаган инсон – жисмонан соғлом бўлади. Спорт эса жисмоний меҳнатнинг гўзал кўринишидир. Мана шу ғояни илгари сурган, меҳнатдан бахт топиб, ҳаётини инсонлар розилиги учун бағишлаган йўл соҳаси ходимларига спорт билан шуғулланиш ҳеч қачон қийинчилик туғдирмайди. Ҳозирда муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуси билан спортга қаратилаётган катта эътибор замирида аҳолининг соғлик – саломатлиги, ёшларнинг жисмоний машқларда чиниқиши, юртимизда спорт турларини кенг тарқалиши, инсонлар онгида спортга бўлган қизиқиш ва тушунчаларни тарғиб этиш асосий мақсад бўлиб тургани барчамизга кундек равшан. Ушбу ғояларни илгари суриш мақсадида Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан велосипед пойгаси ўтказилди.

Мусобақада бошқарма тизимидаги 20 та корхона ва ташкилотлардан 300 га яқин иштирокчилар қатнашишди. Пойга Андижон шаҳридаги барчага маълум ва машҳур бўлган Боғи Бобур (Боғишамол) дам олиш масканидан бошланиб, Хонобод шаҳригача давом этди. Йўл соҳасида жонбозлик кўрсатаётган шунқорлар учун 65 километрни ташкил этган ушбу йўл қийинчилик туғдирмади. Йўлнинг узоқлиги ҳисобга олиниб манзилларда жойлашган туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари томонидан иссиқ кофе, чой ва тиббий хизматлар ташкил этилди.

Ғолиблар учун ажратилган совринлар бошқарма бошлиғи Т. Қораев томонидан топширилди. Мусобақа якунида ўтказилган тақдирлаш маросимида иштирок этган Хонобод туман хокими Машъалбек Тожибоев ғолибларни табриклаб, барча иштирокчиларга илиқ тилаклар билдирди. Ўтказилган ушбу веломарафон барчада яхши таассурот қолдирган бўлса, кимларнидир ўз устида кўпроқ ишлашга, спортга эътибор қаратишга, экологик мусаффоликни сақлашга ҳисса қўшувчи велосипедлардан доимий фойдаланишга ундади. Марафон якунида иштирокчилар учун дастурхон ёзилди.

Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасида унинг тасарруфида бўлган туман унитар корхоналари, йўллардан мунтазам фойдаланиш, минтақавий йўлларга буюртмачи, Андижон йул кўкалам, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари ходимлари ўртасида шахмат, шашка, стол тенниси спорт турлари бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар финал босқичигача қатнашиб, шахмат бўйича Асака ва Пахтаобод туманлари вилоят босқичига йўлланма олдилар. Шашка ва стол теннисида ҳам фаол иштирок этган қатнашчилар вилоятда ташкилотлараро ўтказиладиган мусобақада иштирок этиш хуқуқини қўлга киритдилар. Бўлиб ўтаётган бу каби жисмоний машқлар барчанинг ақлий фаолиятини чархланишига сабаб бўлаётгани қувонарли ҳолдир.

Print Friendly, PDF & Email