Тошкент давлат транспорт университетида “Сиз касаба уюшмасини биласизми?” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди

Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг 2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури бўйича амалга оширилиши зарур бўлган Тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ёшлар билан, Республика Кенгаши раиси иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилиши белгиланган. Шу муносабат билан 2020 йил 17 декабр куни Тошкент давлат транспорт университети Кенгашлар залида муассаса профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлари учун Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раис ўринбосари Б.Ф.Султонов, Тармоқ  касаба уюшмаси Республика Кенгаши ёшлар бўйича раис маслаҳатчиси Ш.С.Неъматов ҳамда Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раис ўринбосари А.Н. Турсуналиев иштирокида “Сиз касаба уюшмасини биласизми?” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни университет ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Дилшод Ҳамидуллаевич Баратов очиб бериб, ушбу олий таълим муассасаси ташкил этилган кундан буён амалга оширилган ташкилий, маънавий-маърифий, илмий-педагогик ишлар, жамоа аъзоларининг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлади.

Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Фозилович Султонов тармоқ касаба уюшмаларида сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларга ижтимоий-иқтисодий соҳаларда яратилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан республикамизнинг турли ҳудудларида кенг миқёсда амалга ошириб келинаётган янгиланишлар, аҳолининг моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга муҳтож қисмига ҳар тарафлама ёрдам кўрсатишдек эзгу саховатли ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ, ҳудудий касаба уюшма ташкилотларининг ўрни, улар томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотларни келтириб ўтди.  

Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Аброр Набижонович Турсуналиев Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, аёллар ва ёш мутахассисларга яратиб берилаётган қўшимча имтиёзлар, касаба уюшмаси аъзолари орасида амалга ошириб келинаётган турли маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирларининг ташкил этилиши ҳақида, Кенгаши масъул ходими Маҳаммадалиев Равшан Матлабович касаба уюшма ташкилотларида бугунги кунда амалга ошириб келинаётган ишлар, касаба уюшма ташкилотлари аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тошкент давлат транспорт университети касаба уюшма қўмитаси раиси Холбоев Илёс Абдижабборович университетнинг янги тузилмасини шакллантиришда бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ташкил этиш жараёни, ташкилотда ишчи-ходимлар ва иш берувчи орасидаги меҳнатга оид ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни тартибга солувчи, касаба уюшма аъзоларининг меҳнат муносабатларини ифодалайдиган асосий ҳужжат ҳисобланган “Жамоа шартномаси” лойиҳасининг тайёрланиши, ушбу ҳужжатнинг жамоа аъзоларимуҳокамасидан ўтказилиши, касаба уюшма қўмитаси вакиллари ва иш берувчи томонидан имзоланиши масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Жонли ва самимий руҳда ўтган тадбир якунида касаба уюшма ташкилотининг асосий фаолият йўналишлари ва ташкилотнинг устувор мақсадлари ҳақида иштирокчилар томонидан берилган муҳим ва қизиқарли саволларга маърузачилар ўз ваколати доирасида тушунтиришлар бердилар.

Print Friendly, PDF & Email