Вазир иштирокида маданий-маърифий кеча ташкил этилди

Хабарингиз бор, Маданият вазирлиги ОТМлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчилиги ҳақида хабар берилган эди.

 Шу муносабат билан, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлаш ва ёшларни санъат ва маданиятга кенг жалб этиш мақсадида биринчи амалий ҳамкорлик ишлари бошланди.

Жорий йилнинг 17-апрелида Самаранд давлат архитектура-қурилиш институти Ёшлар масалалари бўйича масъуллари, институт касаба уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирга Маданият вазири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ташриф буюрди.          Вазир ташрифи давомида, маданият ходимлари, саньаткорлар ҳамда институт талаба ҳамда ёшлари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Озодбек Ахмадович қуйидаги фикрлари билан ёшларга илиқ фикрларини етказди: “Ассалому алайкум ҳурматли талабалар ва ёшлар, ҳурматли Президентимиз Самарқандга қилган ташрифлари давомида биз топшириқларни олдик. Ушбу институтда ёшлар, айниқса талабалар учун жуда ажойиб шароитлар яратилган экан.

Талаба ёшларнинг дам олиш кунларини, Самарқанддаги ёшларимизни, фарзандларимизни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида жуда кўп режалар амалга ошириш истагидамиз. Кутиб ўтирмасдан бирданига амалий ишларни ташкил этишга қарор қилган ҳолда, мазкур институтга ташриф буюрдик. Бундан кейин вилоятдаги маданият бошарқмаси сизларни хизматингизда бўлади. Вилоятда сизларга маъқул келадиган ижрочиларимиз-санъаткорларимиз бор, бу билан албатта чекланмаймиз, бошқа вилоятлар ҳамда пойтахтдан санъаткорларни келишини ҳам таъминлаб берамиз.

Шахсан ижодкор сифатида сизларга шуни айтмоқчиманки, сизлар каби ижодкор ёшлар орасидан бадиий тугараклар ташкил этган ҳолда ансамбллар, театр студиялари ташкил этамиз. Худо хоҳласа биз ҳар бир ОТМдан 5тагача ансамбл ташкил этишни режа қилдик. Мана сизлар архитектура-қурилиш соаҳсида таълим оласизлар, умуман бу соҳада янгилик қилиш учун нима керак? Ижод қилиш керак, ижодий ёндашувгина сизларни янги марраларга элтади, шунинг учун мен сизларга шахсан Вазир сифатида айтмоқчиманки мана шу ансамблларни ташкил этишимиз эртага сизларни ижодий фикрлашларингизни оширади ва бу катта марраларни эгалашга ёрдам беради.

Биз ҳаммамиз биргалашсак янги Ўзбекистонни қурамиз, бунда ҳаммамизни бурчимиз-ҳиссамиз бўлиши шарт! Юрт қуриш, Ватан қуриш бу халқни иши, бунга ҳар бир инсон дахлдор. Маррани катта олиб садоқат билан ўқисак, ҳалол меҳнат қилсак худо хоҳласа ўйлайманки катта натижаларга эришамиз!” – дея ёшларни руҳлантирди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Республикамиз ҳамда вилоятимизда таниқли бўлган санъаткорлар ва институтнинг иқтидорли талаба ёшлари томонидан ажойиб тароналар ижро этилди.

Print Friendly, PDF & Email