Илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланиши, глобал дунёда рақобатнинг ортиши шароитида ҳар бир давлат ва жамиятнинг бу жараёнда рақобатбардошлиги ёшларнинг интеллектуал ривожи ҳамда уларнинг истеъдоди ва қобилиятларини тўлиқ амалга оширишга эътибор беришга боғлиқ бўлади.
Шунинг учун бу масала ҳар доим давлатларнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминлашга қаратилган барча стратегияларда акс эттирилган. Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам бу борада истисно бўлмади. Унда алоҳида бўлим давлатнинг ёшлар сиёсатини такомиллаштиришга бағишланган. У Ўзбекистоннинг 10 миллион фуқароси ёки мамлакат аҳолисининг 31 фоизини ташкил этувчи ёшларга нисбатан давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор устувор вазифаларни қамраб олади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясининг ёшлар сиёсатига оид тадбирларни амалга ошириш борасида, 2018 йил 26 май куни Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон бадиий академияси, Қурилиш вазирлиги Ёшлар иттифоқи Кенгаши, Самарқанд вилоят ҳунармандлар уюшмаси, Самарқанд бадиий ижодкорлар уюшмаси, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, тармоқ вилоят касаба уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Янги аср истеъдодлари-2018” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Кўрик-танловнинг асосий мақсади-замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, мустақил фикрлайдиган, ўзи танлаган таълим йўналиши бўйича мукаммал билимга эга бўлган, муҳандислик лойиҳа ва ишланмалар, инновацион қурилиш технологияларини яратишга қодир ва юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш, миллий санъатимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бой маданий мероси, бугунги салоҳияти, ёш ижодкорларни тарбиялашда бадиий маданият, бадиий фикрлаш тафаккурини юксалтириш, шу билан бирга “Устоз-шогирд” анъанасини кенг миқёсда ривожлантириш орқали ёш ижодкорларни ижодий билимини кенгайтириш ҳамда ижодий фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантиришдан иборат.
“Янги асрнинг истеъдодлари-2018” республика кўрик-танловида республикамиздаги 14 та олий ўқув юрти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат университети, Қарши давлат университети, Урганч давлат университети, Бухоро давлат университети, Жиззах политехника институти, Низомий номли Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Тошкент кимё технологиялари институти, Тошкент вилоят Чирчиқ давлат педагогика институти, Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Наманган давлат университетидан иқтидорли талабалар қуйидаги : “Энг яхши рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик асари”, “Энг яхши амалий санъат (миниатюра, наққошлик, ганчкорлик кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, зардўзлик санъати) асари”, “Энг яхши меъморий таъмирлаш ва қайта тиклаш лойиҳаси”, “Энг яхши архитектуравий инновацион лойиҳа ва макет”, “Энг яхши архитектуравий расм ва композиция”, “Энг яхши интерьер лойиҳаси ва макет”, “Энг яхши ландшафт дизайни”, “Энг яхши муҳандислик лойиҳа ва ишланмалар”, “Энг яхши қурилиш материаллари ва технологиялар” ҳамда “Энг яхши бизнес лойиҳа” каби номинациялар билан иштирок этди.
Кўрик-танловга тақдим этилган ижодий ишлар макет ва лойиҳанинг янгилиги, долзарблиги, муаллиф дунёқарашининг кенглиги, шу билан бирга ишларда миллийлик ва замонавийликнинг уйғунлашуви нуқтаи назаридан баҳоланди.
Кўрик-танловда 400 нафар ёш иқтидорли талаба ва ижодкор ёшлар ўзларининг 1000 га яқин ишлари билан иштирок этишди. Вилоятлар кесимида 8 та вилоят ва Тошкент шаҳри олий таълим муассасалари ғолиблик учун баҳс олиб борган бўлса, номинациялар бўйича энг кўп ўрин яъни 9 та 1-ўрин Самарқанд вилоятига насиб этди. Энг фаол олий таълим муассасаси эса Самарқанд архитектура-қурилиш институти деб топилди. Танловда иштирок этган 400 нафар талаба ёшлардан 323 нафари СамДАҚИ талабалари ҳисобланади.
Тадбирда I — II – III ўринларни қўлга киритган иқтидорли ёшлар ва ва фаол иштирок этган барча тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Қурилиш вазирлигининг дипломилари, энг фаол иштирокчилар учун қимматбаҳо совғалари, Самарқанд вилоят касаба уюшмалари такилотлари бирлашмаси кенгаши, Трансйўлқурилиш ходимлари вилоят бирлашган касаба уюшма қўмитаси, институт раҳбариятининг фахрий ёрлиғи ва ташаккурномаси ҳамда ҳомий ташкилотларнинг эсталик совғалари билан тақдирланишди. Кўрик-танлов байрам шукуҳида, талабаларнинг янги дўстлар орттириши ва ғолибларнинг бир-бирини қутлаши билан ўз ниҳоясига етди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: