Сайёр халқ қабулхоналари амалда

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида юртдошларимизнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлаётгани, муаммолари барҳам топиб, эртанги кунга ишончи янада ортаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни атрофлича ўрганиш мақсадида Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Тошкент вилоят бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан Оҳангарон политехника касб-ҳунар коллежида сайёр халқ қабулхонаси ташкил этилди.

Тадбирда тармоқ Республика кенгаши раис ўринбосари Баҳодир Султонов, Оҳангарон туман ҳокими ўринбосари Диёр Ҳайдаров, тармоқ Республика Кенгаши бош мутахассислари ҳамда тумандаги қатор мутасадди идора вакиллари иштирок этди.

Тадбирда фуқаролар томонидан 10 дан ортиқ оғзаки ва 20 га яқин ёзма мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти туман ҳокими ўринбосари Д.Ҳайдаров ва тегишли мутасаддилар томонидан жойида ҳал этилган бўлса, баъзилари тегишли муассасаларга тақдим этилиши маълум қилинди.

Тошкент вилоят тармоқ ташкилотлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Жаҳонгир Алиқулов ташкил қилинган семинарнинг одамлар муаммоларига барҳам беришга, йиғилиб қолган саволларга жавоб олишга хизмат қилаётгани хамда бундай тадбирларни нафақат Оҳангаронда, кейинчалик вилоятнинг Ангрен, Бўка, Чирчиқ ҳудудларида ҳам ўтказишни режалаштирганлиги тўғрисида тўхталди..

Муҳими тадбирга йиғилган фуқароларнинг ечимини кутиб ётган саволларига жавоб топилди. Кўп муаммолар жойида ҳал қилинди. Демак, одамларнинг касаба уюшмаларига ишончи янада ортди.

Print Friendly, PDF & Email