“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилингани муносабати билан  барча  бошланғич касаба уюшма ташкилотларида  халқимиз учун энг азиз ва муқаддас  ҳисобланган мазкур санага қизғин тайёргарлик бошланди.

Касаба уюшма фаоллари иштирокида  ўтказилган  давра суҳбатида жаҳон харитасида янги, мустақил давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлиб, халқимизнинг азалий орзу-интилишлари рўёбга чиққанлигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш юзасидан фикр алмашилди. Аввало, давра сухбатида сўз олган ҳар бир нотиқ Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, вақт ўтган сари унинг аҳамияти тобора ошиб бориб, ёрқин юлдуздай порлайверишини қайд этдилар.

 Давра суҳбатида ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворига айланганлигини кўрсатиб беришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигига  тўхталдилар.

Какайди транспорт ва алоқа, Денов қурилиш ва транспорт ҳамда  Хазарбоғ қишлоқ хўжалик касб хунар коллежлари касаба уюшма фаоллари билан ўтказилган  давра суҳбатларининг эътиборли жиҳати – “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида фаол қатнашилиб, жойлардаги яқин махаллалардаги ўнлаб фуқаролар билан мулоқот қилинди. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида фикр  алмашилиб, ҳал этилиши лозим бўлган 12 дан ортиқ мурожаатларнинг хар бири жойида ечимини топишига кўмаклашилди.

 “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда утказилди.

 Бундан ташқари, аҳоли билан учрашувларда Президентимиз қарорида таъкидланганидай, мамлакатимизда ижтимоий соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб боришга қаратилган ишларга алоҳида урғу берилди.

Print Friendly, PDF & Email