Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати йиғилишининг якунлари тўғрисида

2016 йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Республика Кенгаши раиси Октам Тургунович Тургунов олиб борди.

Унда тармоқ касаба уюшмасининг 2016 йил 1-чораги давомидаги фаолияти таҳлил этилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилган тизимли ишлар алоҳида таъкидланди. Амалда бўлган жамоа келишувлари ва шартномалари ижтимоий таркибий қисмининг сезиларли даражада кучайтирилиши натижасида мазкур локал ҳужжатлар орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун қўшимча имтиёзлар кўлами ортиб бораётгани, ижтимоий ҳимоя тадбирларига йўналтирилаётган маблағ миқдорининг йилдан йилга ортиб бораётгани қайд этилди.

Кун тартибидаги масалалардан бири бу “Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш натижалари тўғрисида”ги масала бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашининг масъул ҳодимлари томонидан ўтказган ўрганишлари, унинг давомида аниқланган хато ва камчилкилар Раёсат аъзолари диққат марказида бўлди.

Шунингдек, меҳнат муносабатлари соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда касаба уюшмаларининг иштироки, ижтимоий шериклик, бандлик, иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада касаба уюшмалари олдида турган галдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Раёсат йиғилишида тармоқ касаба уюшмаси томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди.  Шунингдек, нодавлат секторидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшма ташкилотларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган профилактика ишларини кучайтириш, касаба уюшмалари тизимида жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар ҳам йиғилиш иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Раёсатда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек Раёсат йиғилиши давомида “Меҳнат мухофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш” кўрик-танлови ғолибларига эсталик совғалари топширилди.

Print Friendly, PDF & Email