Бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси меҳнат жамоаси томонидан сайланади

Ижтимоий тармоқлар орқали фуқаро Озод Хушназаров томонидан ўзини ноҳақ ишдан бўшатилганлиги тўғрисида эълон қилинаётган постлар хусусида шуни билдирамизки, Оҳангароншифер АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Озод Хушназаров 2022 йил 7 январь куни  жами 389 нафар ходимдан 278 нафари иштирокида ўтказилган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг умумий йиғилиш қарори билан Касаба уюшмаси қўмитаси таркибидан чиқарилган ва қўмита раиси вазифасидан озод қилинган.

О.Хушназаровнинг “Оҳангароншифер” АЖ Касаба уюшмаси қўмитасига нисбатан баённома қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун ҳақ ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиб, «Оҳангароншифер» АЖ меҳнат жамоасининг 2022 йил 7 январда ўтказилган Касаба уюшмаси навбатдан ташқари умумий йиғилиши ҳақиқий эмас деб топилган бўлса-да, Озод Хушназаровнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво талабини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Шундан сўнг 2022 йил 27 ноябрда «Оҳангароншифер» АЖ меҳнат жамоаси касаба уюшма қўмитасининг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилган ва унда касаба уюшмаси раиси ва қўмита таркибининг қайта сайлови ўтказилиб, Р.Холиқулов қўмита раиси этиб сайланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Устави талабларига мувофиқ “Оҳангароншифер” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва аъзолари таркибини сайлаш мазкур корхона меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси)да кўриб чиқилади ва ушбу корхонада ишловчи касаба уюшмаси аъзолари томонидан сайланади. Юқори касаба уюшмаси органлари, хусусан, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) ўтказилишига ёки унинг фаолиятига, касаба уюшма қўмитаси раисини сайлаш ишларига аралашиш ваколатига эга эмас.

Озод Хушназаровнинг фарзандларини ишдан бўшатиш масаласига касаба уюшмаларининг дахлдорлиги йўқ. Яъни бу масала иш берувчи ва ходим ўртасидаги якка тартибдаги меҳнат муносабати ҳисобланади.

Print Friendly, PDF & Email