Халқ манфаати йўлида

 Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашида Ўзбекистон транспорт,йўл ва капитал қурилиш,қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазирлиги ва транспорт, капитал қурилиш ҳамда йўл хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари раҳбарлари, Ўзбекистон транспорт,йўл ва капитал қурилиш индустрияси Республика кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Султанов, мазкур кенгашнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Шоҳистахон Чориева, бош ҳисобчи Шавкат Содиқов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси ўринбосари Муратбай Данияров ҳамда Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси  Қорақалпоғистон Республикаси раиси Гулмира Палваниязовалар иштирок этди.

Йиғилиш аввалида Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш индустрияси Республика кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Султанов сўзга чиқиб, касаба уюшма томонидан мазкур соҳада 2023 йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига тўхталди  ҳамда  ижтимоий ҳимоя, меҳнат кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан батафсил маълумотлар  берди.

     Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидаги транспорт, йўл,қурилиш индустрияси соҳаларида фаолият юритаётган ташкилотлар ходимларининг, шунингдек иқтисодиётнинг нодавлат секторидаги янгидан ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларда ишловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни  янада кучайтириш мақсадида ушбу хўжалик юритувчи субъектларда касаба уюшма ташкилотларини тузиш бўйича касаба уюшмаларига амалий ёрдам бериши кўрсатиб ўтилди.

 Куннинг иккинчи ярмида Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси  Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши бошланғич ташкилотлар   касаба уюшма раислари, шунингдек, соҳага тегишли ходимлар иштирокидаги йиғилиш ҳам айни кун мавзусига бағишланди ва мутсаддилар Ш.Чориева , Ш.Содиқовлар меҳнат таътили, аъзолик афзалликлари хусусида сўз юритдилар.

  Таъкидланганидек, ўтган 2023 йилда касаба уюшма фаоллари, мутасаддилар халқ ичига кириб борди ва уларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиб,жамоатчилик назоратини олиб борди. Таъкидлаш жоизки, қурилиш объектлари, йўл транспорт соҳасида учраётган муаммоларга ечим топиш масалалари ҳал қилинишида касаба уюшманинг тутган ўрни алоҳида.

Йиғилиш сўнгида иштирокчилар ижтимоий ҳимоя, жамоа шартномаси ва нафақа масаласида ўзлари қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Print Friendly, PDF & Email