Самарқанд шаҳрида Меҳнат муҳофазасига оид Республика илмий-амалий семинар ўтказилди

Тармоқ тизимидаги Самарқанд архитектура-қурилиш институти ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси ва “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” кафедраси ҳамкорликда офлайн тарзда икки кун давомида ўтказилиши режалаштирилиб, институтда 14 кунлик карантин эълон қилиниши муносабати билан жорий йилнинг 28 апрел куни Zoom алоқа орқали “Бутунжаҳон меҳнат муҳофазаси куни”га бағишланган “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасининг ҳозирги кундаги долзарб масалалари ва истиқболлари” мавзусида Республика илмий-амалий семинар ўтказилди.

Семинарда Самарқанд вилояти касаба уюшмалари, вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси, Қизил ярим ой жамияти, институт раҳбарият ва талабалари, вилоят ишлаб-чиқариш ташкилотлари ҳамда Тошкент давлат техника университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти, Қарши мухандислик ва иқтисодиёт институти, Наманган мухандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари ва магистрантлари иштирок этишди.

Семинар давомида Самарқанд архитектура-қурилиш институти “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” кафедраси мудири Х.Х.Раззоқовнинг “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси фанини бугуни ва истиқболлари”, Тошкент давлат техника университети “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” кафедраси мудири, профессор М.Н.Мусаевнинг “Меҳнат муҳофазаси ва техника фанини бакалавриат таълим тизимида ўқитишнинг долзарблиги ва тутган ўрни”, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти меҳнат муҳофазаси ва экология кафедраси мудири, профессор О.Юлдашеванинг “Ишлаб чиқариш корхоналарида ёнғин хавфсизлиги талабларини таъминлашда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидалари”, Қарши мухандислик ва иқтисодиёт институти “Экология ва меҳнат муҳофазаси” кафедраси профессори О.Рахимовнинг “Меҳнатни муҳофаза қилиш фанини рақамли технологиялар асосида ўқитиш истиқболлари”, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти профессори А.А.Янгиевнинг “Гидротехника иншоотларини фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавсизлик техникаси бўйича чора-тадбирлар”, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят кенгаши раиси С.Иззатуллаевнинг “Ишлаб чиқаришда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникасининг аҳамияти ва мутахассисларга бўлган муаммолар, меҳнат муҳофазаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар, меҳнат муофазаси хизматини ташкил этишдаги долзарб масалалар ва ходимларни ўқитиш” мавзусидаги маърузалари тингланди.

Савол-жавобларга бой тарзда сермаҳсул ўтган семинар якунида иштирокчилар томонидан кўплаб таклифлар киритилиб, уларни қўллаб-қувватлашни вазирлик ва юқори ташкилотлардан сўраш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Print Friendly, PDF & Email