Ўзбекистонлик пайвандчилар халқаро танловда 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” Республика танловида ғолиб бўлган бир гуруҳ пайвандчилар Ўзбекистон делегацияси таркибида Хитой Халқ Республикаси элчихонасининг таклифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг хатига мувофиқ Умумхитой касаба уюшмалари Федерациясининг ташаббуси билан жорий йилнинг 4-14 ноябр кунлари Пекин шаҳрида ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кирувчи давлатлар ўртасидаги нуфузли касбий танлов – Пайвандчи усталар мусобақасида иштирок этди.

Қувонч билан таъкидлаш зарурки, ўзбекистонлик пайвандчилар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар билан бир қаторда Камбоджа, Эрон, Афғонистон каби жами 10 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган 50 нафардан зиёд пайвандловчилар иштирок этган мазкур халқаро мусобақада муваффақиятли қатнашиб, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Хусусан, “Tошкент Truk line” МЧЖ ходими Рашид Ишкулов олтин, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ корхонаси пайвандчиси Артём Олховиков, “Қизилқумцемент” АЖ ишчиси Вадим Хайров, “12 трест” МЧЖ ишчиси Шомуҳитдин Шоисломовлар кумуш, “ЎзЧасис” МЧЖ қўшма корхонаси пайвандчиси Дилмурод Мирзааҳмедов бронза медал соҳиби бўлдилар. Шунингдек, Ўзбекистон пайвандчилари жамоаси “Энг яхши ташкил этилган жамоа”  номинациясида ғолиб деб топилиб, махсус кубок билан тақдирланди.

Қизғин беллашувлар остида ўтган танлов жараёнида пайвандчи ишчи касбини мукаммал эгаллаган юртдошларимиз пайвандлашнинг аргон пайвандлаш, ярим автомат пайвандлаш ва ёйли пайвандлаш турлари бўйича куч синашдилар.

Танлов доирасида иштирокчилар “Хитой нефть қувурлари заводи”, “Техник хизмат кўрсатиш лабораторияси”, “Хитой қувур музейи”, “Дизайн академияси” каби йирик корхона ва ташкилотларда бўлиб, илғор иш тажрибалари билан танишдилар.

Жорий йилнинг 14 ноябр куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон делегацияси аъзоларини тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раҳбар ва мутасаддилари, фаоллар, мусобақада иштирок этган уста пайвандчиларнинг устозлари ва ёшлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари қалбларида ғурур ва ифтихор билан Ватанга қайтар эканлар, ўз ғалабалари она юртга муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилиш, бу орқали ўз фарзандлик бурчларини муносиб адо этишга бўлган иштиёқ ва интилишлари натижаси эканлигини таъкидлашди.

Print Friendly, PDF & Email